Янги ўқув йилидан олий таълим муассасаларини дунёнинг кучли университетлари рейтингига киритиш бўйича ишлар кучайтирилади

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги таклифи билан Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг агентлиги етакчи эксперти Никола Хорсман ва стратегик маҳсулотлар ва қарорлар бўйича директори Майкл Каруаналар мамлакатимизга ташриф буюрди.

2019 йил 28 август куни вазирликда ташкил қилинган видеосеминарда хорижлик экспертлар юртимиздаги етакчи университетлар ректорлари ва проректорларига THE World University Rankings дунёнинг кучли университетлари методологиясини атрофлича шарҳлаб берди, THE DataPoint ахборот-таҳлилий сервиси имкониятларидан бенчмаркинг мақсадларида фойдаланиш йўллари билан таништирди.

Никола Хорсман ва Майкл Каруана Ўзбекистондаги нуфузли университетлар фаолиятини халқаро рейтинг агентликлари методологияси асосида 13 та индикатор ёрдамида таҳлил қилди ҳамда дунёнинг кучли университетлари рўйхатига кириш учун қилиниши лозим бўлган масалалар юзасидан зарур тавсияларни бердилар.

Маълумот учун, 2019 йил 27 февраль куни «Илм-фан – 2020» миллий ривожланиш дастури доирасида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Times Higher Education ўртасида маҳаллий ОТМларни халқаро рейтингга киришини қўллаб-қувватлаш бўйича стратегик битим имзоланган ва 2019-2021 йилларга мўлжалланган ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилган.

Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали: https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-Av5EnAinUQIFw

Foydali havolalar