Ҳар қандай ривожланаётган ва ривожланган демократик давлатларнинг эзгу мақсадларидан бири – адолатли фуқаролик жамияти ҳисобланади. Зеро фуқаролик жамиятида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг олий қадрият эканлиги амалда таъминланади.
Соғлом маънавий муҳит ҳукум сурган ҳар қандай жамиятда фуқароларнинг ҳаётдан маънмунлиги уларнинг меҳнат фаолиятида, ҳаёт тарзида, бири-бирига муносабатларида намоён бўлади. Маънавий соғлом жамият бирлик, адолат, тенглик, ҳалоллик сингари буюк инсоний фазилатларга таянади. Шунинг учун бундай жамият инқирозлардан ҳоли бўлади.
Ҳар қандай инқироз шакллари орасида энг хавфлиси – маънавий инқироздир. Чунки маънавий инқироз «инсон жамияти»ни «одамлар тўдаси»га айлантириб қўяди. Инсонийлик йўқолган жамият ҳатто жамият деган номини ҳам йўқотади. Шунинг учун ҳам фуқаролик жамиятини шакллантириш ва тараққий эттиришнинг энг яқин ва тўғри йўли – жамиятимизда инсонпарварлик ғояларини тараққий эттиришдир. Халқимиз қадим замонлардан бери бу масалани ҳаёт мазмуни деб билган ва шунга интилиб келмоқда. Шу бойис фуқаролик жамияти ривожида ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий масалалар билан бир қаторда маънавий ва маданий омиллар ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир.
Давлатимизда фуқаролик жамияти шаклланиши ва ривожланишидаги ўзига хос ҳусусиятлар мамлакатимиз тарихи, миллий маданияти ва маънавияти ҳамда халқимизнинг турмуш тарзидаги ўзига ҳослик билан белгиланади. Мана шу ўзимизга хос жиҳатларимизни инобатга олган ҳолда биз маънавий соғлом ижтимоий муҳит, ўзимизга хос фуқаролик жамиятини қарор топтиришни мақсад қилиб олган эканмиз, бу йўлда қон-қонимизга сингип кетган адолатпарварлик, тенглик, инсонпарварлик, жонкуярлик сингари буюк инсоний фазилатларимизни ёшлар қалбига сингдириш масаланинг асосий ҳал қилувчи шарти ҳисобланади.
Инсоннинг рухий оламида маънавий барқарорликни қарор топтириш қадим даврлардан бери инсониятнинг бош муаммоларидан бири бўлиб келган. Аммо нега шу пайтгача бу масаланинг тўлиқ ечими йўқ? Чунки, бизнинг фикримизча ҳар даврнинг ўз талаблари, қарашлари, ҳаёт тарзи ва буларнинг марказида инсони бор. Демак, ҳар давр юқоридаги масалага ҳар дойим янгича, замон талабларига мос равшда ёндашувни талаб қилади.
Муҳтарам Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг таъкидлаганларидек, кечаги талаб билан бугун яшаб, кечаги ютуқ билан бугун фахрланиб бўлмайди. Жамиятни янгилаб бориш – рухий оламни янгилаб бориш, маънавий юксалиб бориш дегани.
Шу ўринда маънавий тарбияни савиясини юксалтирувчи яна бир масалага иътибор қаратмоқчимиз. 2017 йилгача Ўзбекистон олий ўқув юртларида «Маданиятшунослик» ва «Маънавият асослари» фанлари ўқитилар эди. Аммо кейинги пайтларда бу фанларни Олий ўкув юртларида ўқитиш тўқтатилди ва ўрта махсус мактабларда ҳам ўқитилмайди. Айнан ушбу фанлар асосида ёшларда маданиятимиз ва маънавиятимиз тарихини, мазмун-моҳиятини, ҳаётий аҳамиятини илмий асосланган тарзда ўрганиш имконияти мавжуд эди. Юртимиз ўз маданий ва маънавий бойликлари билан бутун дунёни ўзига маҳлиё қилаётган бир пайтда таълим тизимидан бу фанларни олиб ташлаш тарбия жараёнига ҳам жиддий таъсирини кўрсатса керак.
Бизнинг давримизда фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг негизги омилларидан саналмиш сиёсий ва ҳуқуқий асосларни такоммилаштириш ва тарбия жараёнида бу асосларга таяниш, бугунги куннинг долзарб масалаларидан ва талабларидан ҳисобланади. Туғри, бугунги ёшларимизнинг ҳуқуқий онги ва саводҳонлиги кун сайин ривожланиб бормақда. Аммо билиш, ўрганиш – бу ҳали ҳаётга тадбиқ қилиш, амал қилиш, ҳаётий позициясига айлантириш дегани эмас. Бу масаланинг ижобий ҳал этилишида нафақат ўқитувчилар ва тарбиячилар, балки ўқувчилар, тарбияланувчиларнинг ҳам фикрлари ва қарашлари катта аҳамият касб этади. Чунки ёшларимизнинг бугунги ҳаётидан маънмунлигини, келажакга ишончини ва келажак режаларини яхши ўрганиб, таҳлил қилмасдан, фақат тарбиячиларнинг фикрлари ва нуқтаи назарлари асосида тузилган тарбия усуллари албатта бир ёқламали ва самараси талаб даражасидан паст бўлиши табиий. Тарбия борасида тарбияланувчининг ўзини тарбияланишга йўналтира олиш муҳим аҳамият касб этади. Лекин бу масалада ягона бир механизм бўлиши мумкин эмас. Чунки ҳар бир одам алоҳида бир индивид. Дунёда қанча одам бўлса, шунча тафаккур, дунёқараш мавжуд. Шунинг учун ҳар бир тарбияланувчининг шахсий дунёқарашини, шахсини инобатга олган ҳолда усул ва муносабат талаб қилинади.
Ёшларимизда қонунларимизга амал қилган ҳолда яшаш ва меҳнат қилиш, ўз ҳуқуқ ва эркинликларини қонун орқали ҳимоя қилиш, ўз мажбуриятларини оғишмай бажариш, бошқаларнинг, давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳурмат қилиш кўникмаларини ҳосил қилиш фуқаролик жамияти томонидан замоновий педагогиканинг олдига қўйган энг устувор ва долзарб вазифадир.
Шарқда фуқаролик жамиянининг ўзига ҳос талқини мавжуд. Бу, бевосита, аҳлоқ, маданият ва маънавиятнинг ҳуқуқ билан уйғунлашган, феъл-атвор, ҳатти-ҳаракатлар ва қоида-меъёрларнинг узвий уйғунлашган шакли билан боғлиқ. Масалан, зардуштийликнинг муқаддас китоби «Авесто»да инсонлар ўртасидаги муносабатларнинг аҳлоқ ва меъёрларга таяниши, фикрнинг, сўзнинг ва амалнинг эзгуликка асосланиши лозимлиги, ёки буюк Шарқ мутафаккири Фаробийнинг «Фозил одамлар шаҳри» асарида мамлакатни бошқаришда адолатли қонун зарурлиги, фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш моҳияти ҳар томонлама таҳлил қилинган. Бу каби ғоялар Беруний, Хоразмий, Амир Темур, Навоий, Бердах, Ажиниёз, Абай, Мақтимқули сингари буюк алломаларимиз томонидан ҳам илгари сурилган. Кўриб турганимиздек, юртимизда фуқаролик жамиятини қуриш тарихий анъанадир. Бу донишмандларимизнинг ҳаёт тажрибаларидан сабоқ олган ҳолда, улардан бугунги давримизда фуқаролик жамиятимизни тараққий эттиришда фойдаланиш ўзининг самарасини бериши аниқ.
Алмагул Байрыева,
Фалсафа фанлари номзоди, доцент.