Ўзбекистон-Германия: ҳамкорликнинг янги босқичи бошланмоқда

Бугун, 19 ноябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Германиянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида немис тилини ўқитиш самарадорлигини ошириш йўлидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Музокараларда Тошкент шаҳрида мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари учун зарур бўлган таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кадрлар тайёрлаш мақсадида Германиянинг нуфузли олийгоҳлари филиали (таълим маркази) ташкил қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.

Бундан ташқари жорий ўқув йилидан бошлаб юртимиздаги ОТМларда кредит-модул тизимига ўтила бошланиши муносабати билан ўқув режа ва дастурларни такомиллаштиришда Германия тажрибасидан фойдаланиш, ҳамкорликда ўқув адабиётларини, жумладан дарсликлар, ўқув қўлланмалар, соҳавий атамалар луғатлари ҳамда мултимедиа иловалар (аудио-видео материаллар)ни яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

– Малакали кадрлар тайёрлаш борасида Германия тажрибаси бутун дунё миқёсида эътироф этилади, – деди Ином Мажидов учрашувда. – Германия олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда авиация ва космик технологиялар бўйича, хусусан, ҳаво кемаларидан техник фойдаланиш, амалий космик технологиялар, Радиоэлектрон қурилмалар ва тизимлар (саноат/авиация), ҳаводаги ҳаракатни бошқариш ва учувчисиз авиация мажмуаларидан техник ва технологик фойдаланиш каби тор доирадаги мутахассисликларни тайёрлашни тўла қўллаб-қувватлаймиз.

Учрашувда Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятидан келиб чиқиб, тарихий обидалар ҳақида немис тилидаги янги проспект ва турли информацион манбааларни тайёрлаш, немис ва ўзбек адибларининг асарларини ҳар икки тилга таржима қилиш орқали ўзаро маданий алоқаларни ҳам ривожлантириш, ҳамкорликда долзарб мавзулар бўйича халқаро конференциялар ташкил қилиш, талаба, ўқитувчи ва тадқиқотчилар алмашинувини кенгайтириш, жумладан германиялик талабалар учун ёзги ва қишки мактабларни ташкил қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

Музокаралар якунида томонлар олий таълим соҳасида ўзаро стратегик ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга келишиб олишди.

Манба: https://edu.uz

 

Foydali havolalar