Маънавий таҳдидларга қарши курашишнинг замонавий механизмлари

2019 йил 20 ноябрь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда “Маънавий таҳдидларга қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш – хавфсизликни таъминлаш омили сифатида” мавзусида республика илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда бугунги кунда дунёда инсонлар руҳиятига таъсир ўтказиш орқали диний ва миллий қадриятларга путур етказиш, шунингдек, ёшларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун жуда катта куч, маблағ ва имкониятлар сафарбар этилаётгани, миллатларнинг турмуш тарзини издан чиқарувчи ва жамият ҳаётига салбий таъсир кўрсатувчи маънавий таҳдидларнинг ортиб бораётгани таъкидланди.

Бундай шароитда соғлом фикрли, ўзининг қатъий позициясига эга, Ватанга содиқ, фидойи ёшларни тарбиялаш масаласи ҳар қачонгиданда долзарб аҳамият касб этиши қайд этилди.

Анжуманнинг иккинчи қисми алоҳида шўъбаларда ташкил этилиб, уларда маънавий таҳдидларга қарши курашнинг замонавий механизмлари, глобаллашув даврида миллий маънавиятимизга қарши қаратилган таҳдидлар, талаба ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш механизмлари ҳамда олий таълим тизимида ижтимоий-гуманитар фанларни ўқитиш самарадорлигини ошириш каби мавзулар муҳокама қилиниб, соҳа мутахассислари томонидан илмий асосланган тавсиялар берилди ва истиқболли режалар белгиланди.

Тадбир сўнгида анжуманда фаол иштирок этган қатнашчилар диплом ва сертификатлар билан тақдирландилар.

Манба: https://edu.uz

Foydali havolalar