Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетига қарашли №6 сонли талабалар турар жойида «Гуллар байрами» кечаси ўтказилди. Биламизки, ҳар бир гулнинг ўзига хос номи, унинг айрича таровати бўлади. Анъанага кўра, бир гуруҳ талаба-қизлар мана шундай гулларнинг номланиш тарихига боғлиқ бўлган маълумотлар билан ўртоқлашди.
Гулларнинг хунуги бўлмайди дейишади, бироқ ёввойи тарзда етиштирилган гуллар бўлади. Улар ўз номи билан ҳам ёввойи. Бундай гуллардан фарқли ўлароқ, сайёрамиздаги энг чиройли гуллардан бири атиргул ҳақидаги маълумотлар ҳар бир гул шайдосининг диққатини тортади, албатта.
Қизлар-гуллар ўз кундаликларига қайд этиб қўйиши мумкин бўлган маълумот сифатида шуни айтиш ўринлики, жаҳон адабиёти вакили Шекспир ўз асарларида атиргулларни 50 мартадан кўпроқ келтирган, гулнинг ғайриоддий навларидан бири эса унинг шарафига номланган экан. Шунингдек, Ҳазрат Навоий ҳам асарларида гул сўзининг турли маʼноларини қўллаган.
Тадбир сўнггида, тарбиячи Клара Эрназарова қизларга ҳар бир қиз гулдек нозик, пўлатдек мустаҳкам бўлишини уқтириб, ТТЖнинг ҳар бир хонасида камида бир тувак гул бўлишини таъкидлади.

Ҳа, ҳар бир қиз гулдек нозик, пўлатдек мустаҳкам бўлмоғи керак. Боиси, қизлар-аёллар жамият таянчи демак.
Дилафруз ОБЛОҚУЛОВА
Қорақалпоқ филологияси ва Журналистика факультети 2-босқич талабаси, №6 ТТЖ матбуот котиби, фотомухбир