Қонунда талаб этилган шаклда тузилмаган битм суд томонидан ҳақиқий деб эътироф этилиши мумкин

Фуқаролар фаровонлигини оширишга қаратилган Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Давлат бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари устуворлигини ҳисобга олган ҳолда иқтисодий фаолият, тадбиркорлик ва меҳнат қилиш эркинлигини кафолатлайди. Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир. Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади.

Фуқаролик кодексининг 182-моддасига биноан мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари белгиланган бўлиб, суд амалиётдаги низолар доирасида энг кўп кўриб чиқиладиган асос – бу мулкни битимлар асосида қўлга киритиш ҳисобланади.

Битимлар қонунда кўрсатилган ҳолларда ёҳуд тарафлардан бирининг талаби бўйича нотариал тасдиқланиши шарт. Ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара, меросни қабул қилиб олиш ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Мазкур тоифадаги ишларда юзага келадиган масалалардан бири – бу битм тузиш ҳақида келишилган холда бир тараф келишув бўйича мажбуриятларини бажарган бўлса, иккинчи томон эса мажбуриятларини бажаришдан, жумладан битмни нотариал тасдиқлашдан, бош тортаётган бўлса, қандай ечим топиш мумкин деган масала ҳисобланади.

Буни бир мисолда кўриб чиқсак. Масалан муайян хонадон эгаси ижтимойи тармоқларда хонадонни 110 миллион сўмга сотиш ҳақида эълон жойлаштириб, потенциал сотиб олувчи билан оғзаки келишув асосида хонадонни 100 миллион сўмга сотишга келишган.

Эртаси куни низодаги хонадон эгаси хонадон учун потенциал сотиб олувчидан 10 миллион сўм закалат олиб, бу ҳақда тилхат ёзиб имзолаб берган ва тилхатни умумий мулк иштирокчиси бўлган хонадон эгаси турмуш ўртоғи ҳам имзолаган.

Кейинги куни хонадон эгаси низодаги хонадон учун потенциал сотиб олувчидан яна 75 миллион сўм олган, қолган 15 миллион сўмни низодаги хонадонни расмийлаштириб берганидан сўнг олишини баён қилиб тилхат ёзиб берган ва тилхатни умумий мулк иштирокчиси бўлган хонадон эгаси турмуш ўртоғи ҳам имзолаган.

Аммо, кейинчалик хонадон эгаси билан унинг турмуш ўртоғи эса гўёки низодаги хонадонга мажбурий ижро бюроси томонидан тақиқ қўйилганлигини важ қилиб шартномани расмийлаштириб беришдан бош тортиб келган.

Тарафлар низодаги хонадонни сотиш ва сотиб олиш ҳақида келишувга эришган ҳолда, битим шартларини потенциал сотиб олувчи қисман бажарган ҳисобланади.

Бундай вазиятда, потенциал сотиб олувчи битмни ҳақиқий деб топиш тўғрисида даъво ариза билан мурожаат қилган ҳолатда суд ФКнинг 112-моддасини қўлланган ҳолда, низодаги хонадон тарафлар ўртасида нотариал тартибда расмийлаштиришга монелик қиладиган ҳолат мавжуд бўлмаган ҳолда, мажбурият мулкдори томонидан ўзларига маълум бўлган важлар (шундай важлар мисолда: битимни фойдасиз шартлар асосида ижро этишни истамаслик, битимни бекор қилиш ёки ҳақиқий эмас деб топишни хоҳлаш, келишувдан ташқари янги шартлар асосида пул ундириш ва ҳ.к.) билан бажаришдан бош тортиш сифатида баҳолаган ҳолда даъвони қаноатлантириши эҳтимоли катта.

Сабаби, қонунга бўйича агар тарафлардан бири нотариал тасдиқлаш талаб қилинадиган битимни тўла ёки қисман бажарган бўлса, иккинчи тараф эса — битимни нотариал расмийлаштиришдан бош тортса, суд битимни бажарган тарафнинг талаби бўйича уни ҳақиқий деб ҳисоблашга ҳақлидир. Бу ҳолда битимни кейинчалик нотариал расмийлаштириш талаб қилинмайди.

Шудди шундай, агар давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинадиган битим керакли шаклда тузилган бўлиб, аммо тарафлардан бири уни рўйхатдан ўтказишдан бош тортса, суд бошқа тарафнинг талаби билан битимни рўйхатдан ўтказиш тўғрисида қарор чиқаришга ҳақли. Бундай ҳолда битим суд қарорига мувофиқ рўйхатдан ўтказилади.

Таъкидлаш керак, юқоридаги мисол универсал ва эҳтимолий характерга эга бўлиб, ҳар бир фуқаролик иши ўз хусусияларига эгадир ва ишда исботланган ҳолатларга таянган ҳолда бир ҳил тоифадаги алоҳида-алоҳида ишлар бўйича ҳар ҳил қарор қабул қилиниши мумкин.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Нукус туманлараро суди судьяси

М.Адилова

 

Foydali havolalar