Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш концепцияси тўғрисида

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириб бориш қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлашнинг энг муҳим шартларидан бири ҳисобланади.

Сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни шакллантириш борасида сезиларли ишлар амалга оширилди.

Шу билан бирга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришга, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишга тўсқинлик қилувчи бир қатор муаммо ва камчиликлар сақланиб қолинмоқда.

Ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини аҳоли онгига сингдириш ишларининг етарли олиб борилмаслиги ҳам қонун устуворлигини таъминлашга ўзининг жиддий салбий таъсирини кўрсатмоқда.

2019 йили 9-январь куни “Жамиятда ва ҳуқуқий онг ва ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш туғрисида”ги ПФ-5618- сонли Президент фармони кабул килинган эди ва  ушбу фармонга 1-илова “Жамиятда ҳуқуқий маданияни юксалтириш концепцияси” ишлаб чиқилган.

Биз ушбу концепция мазмунига тўхталмастан аввал, ҳуқуқий онг  ва ҳуқуқий маданият тушунчаларига кенг турда тўхталиб, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятнинг турлари ва даражалари аҳамиятини тушунтирсак мақсадга мувофиқ бўлади.

Ҳуқуқий онг – бу ижтимоий онгнинг шаклларидан бири бўлиб, кишиларда ҳуқуққа, қонунчиликка, ҳуқуқ-тартиботга ва бошқа ҳуқуқий ҳодисаларга нисбатан бўлган ғоялар, ҳис туйғулар, тасаввурлар йиғиндисидир.

Ҳуқуқий онг: биринчидан, ҳуқуқнинг жамият эҳтиёжларини ифодаловчи манбаи­дир; иккинчидан, ҳуқуқни ижтимоий воқеликка тадбиқ этишнинг зарур омиллари­дан биридир; учинчидан, шахсларнинг хулқ-атвори ҳуқуқ нормаларига қай даражада мос келишини тушуниб олишга кўмак­лашади, баҳолаш воситаси сифатида хизмат қилади.

Ҳуқуқий онгнинг асосий таркибий элементлари: ҳуқуқий руҳият (психология) ва ҳуқуқий мафкура (идеология).

Ҳуқуқий онгни субъектларига кўра (индивидуал ҳуқуқий онг, гуруҳий ҳуқуқий онг, ижтимоий ҳуқуқий онг) таснифлаш мумкин.

 Индивидуал ҳуқуқий онг – бу ҳар бир шахс, алоҳида инсонга хос ҳуқуқий билимлар, баҳолар, ҳиссиётлар ва туйғулар мажмуи ҳисобланади.

Ижтимоий ҳуқуқий онг – бу жамият ёки унинг алоҳида ижти­моий табақалари, синфлари томонидан илгари суриладиган ҳуқуқий тасаввурлар, тамойиллар, тушунчалар, назариялар, ҳиссиётлар йиғиндисидир.

Ҳуқуқий онг савиясига, яъни даражасига кўра, одатий ҳуқуқий онг, илмий ҳуқуқий онг, профессионал (касбий) ҳуқуқий онгларга таснифланади.

Одатий ҳуқуқий онг бевосита одамларнинг ҳаётий шарт-шаро­итлари, уларнинг ҳаётий тажрибалари асосида шаклланади. Унда руҳий элементлар – ҳиссиётлар, эҳтирослар катта рол ўйнайди.

Профессионал (касбий) ҳуқуқий онг – ҳуқуқшунослар, яъни махсус маълумот ва тайёргарликнинг амалий тажрибаси талаб қилинадиган касб эгалари ҳуқуқий онгидир.

Илмий ҳуқуқий онг – ҳуқуқни тизимга солиб, назарий ўзлашти­ришда ифодаланувчи ғоялар, концепциялар, қарашлардан иборат.

Ҳуқуқий маданият – бу кишиларнинг ҳуқуқий билим даражаси, ҳуқуққа нисбатан онгли муносабати, ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва унга риоя қилишидир.

         Ҳуқуқий маданият жамият умумий маданиятининг узвий таркибий қисмидир.

“Жамиятда ҳуқуқий маданияни юксалтириш концепцияси”нда жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб  куйидагилар белгиланган:

аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида «Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш – демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!» деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;

ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;

аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш;

давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг манзилли ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш борасидаги ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлаш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга доир тадбирларни ташкил этишда ижтимоий шериклик принципларидан кенг ва унумли фойдаланишни тизимли асосда йўлга қўйиш;

оммавий ахборот воситаларининг ҳуқуқий ахборот билан таъминлашдаги ролини ошириш, ҳуқуқий тарғиботнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш, шу жумладан, веб-технологияларни қўллашни кенгайтириш;

юридик таълимни такомиллаштириш, шунингдек, юридик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ривожлантириш;

жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг илмий асосларини чуқур тадқиқ этиш.

Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш «шахс – оила – маҳалла – таълим муассасаси – ташкилот – жамият» принципи бўйича тизимли ва узвий ташкил этилади.

«Юксак ҳуқуқий маданият – мамлакат тараққиёти кафолати» деган концептуал ғоя асосида аҳолининг барча қатламлари ҳуқуқий саводхонликка эришишлари, юксак даражадаги ҳуқуқий онгга эга бўлишлари ҳамда ҳуқуқий билимларини кундалик ҳаётда қўллай олишлари учун тизимли ва кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини ташкил қилиш давлат органлари ва ташкилотларнинг устувор вазифаларидан бири этиб белгиланди.

Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига ҳурмат муносабатини шакллантиришда, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда, жамиятда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги даражасини оширишда, ёшларни зарарли ахборотлардан ҳимоя қилиш буйича мустаҳкам иммунитетни шакллантиришда ушбу концепция катта аҳамиятга эга. 

М.Адилова,

Ҳуқуқшунослик кафедрасининг ўқитувчиси.

Foydali havolalar