Жорий йилнинг 22 май куни университетимизнинг Табиатшунослик факультетида 22 май – “Халқаро биологик хилма-хилликни асраш куни” муносабати билан “Биохилма-хилликни асраш–барқарор тараққиёт гарови” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.
Унда факультетнинг профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари иштирок этишди.
Учрашувни факультетнинг Ёшлар билан ишлаш бўйича декан муовини Ж.Муйнакбаев очиб берди.
Сўзга чиққан факультетнинг Илмий ишлар бўйича декан муовини А.Кидирбаева ўз нутқида семинарнинг асосий мақсади – ёшларда биохилма-хилликни асраш, ўсимлик ва ҳайвонот турларини кўпайтиришга муҳаббат руҳини сингдиришга қаратилди.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, ёшларнинг экологик билими ва маданиятини шакллантириш, экологик таълим ва тарбия тизимини ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, атроф-муҳит муҳофазаси давлат, жамият ва ҳар бир фуқаронинг вазифаси бўлишига эришиш, мазкур йўналишда қонунларнинг мақсад-вазифалари ҳамда мазмун-моҳиятини ёшлар онгига чуқур сингдириш, шу орқали атроф-муҳит мусаффолигига эришиш мақсадида ёшлардан иборат ташкил этилган ташаббускор гуруҳларни билим ва малакасини оширишнинг ўрни ва роли муҳим эканлигини қайд этиб ўтишди.
Аслида экологик билим ва маданият ёш авлодга ота-боболаримиздан ўтиб келаётган қадриятларни сингдиришдан бошланади. Сувни беҳуда ишлатма, ҳар хил чиқиндилар билан ерни булғама, ноз-неъматларни исроф қилма, дов-дарахтлар шохини синдирма, гулу-гиёҳни топтама, қушларга, ҳайвонларга озор берма қабилидаги панду насиҳатлар билан экологик билимимиз ва маданиятимиз ортиб боради. Ана шунда экологик ҳолатни соғломлаштириш, табиат муҳофазаси кундалик саъй-ҳаракатларимизнинг ўзагини ташкил этади. Чунки, экологик билим ва маданиятга эга ёшлар бу борада муаммолар келиб чиқишига йўл қўймасликка ҳаракат қиладилар.
Анжуман сўнгида таълим муассасаларида бу борадаги изланишлар кўлами янада кенгайиб, ўқувчи-ёшларнинг, талабаларнинг экологик билим ва маданиятини оширишда салмоқли натижаларга эришилиши шубҳасиз, деган хулосага келинди.
Н.Ембергенов,
География кафедрасининг мудири.
