Жорий йилнинг 30 май куни университетимизнинг Табиатшунослик факультетида 5 июн – “Бутунжаҳон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш куни”га бағишланган «Жанубий Оролбуйи табиий ресурсларидан оқилона фойдаланиш» мавзусида VIII республика илмий-амалий конференция ўтказилди.
Унда Қорақалпоғистон Республикасидаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий текшириш институтлари ходимлари, доктарантлар, магистрантлар ва талаба-ёшлар иштирок этишди.
Анжуманни университетнинг Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Турдимамбетов очиб берди.
Конференцияни ўтказишдан асосий мақсад – жанубий Оролбуйи шароитида табиий ресурсларидан фойдаланишдаги муомаларни кўриб чиқиш, шунингдек, экология ва атроф-муҳит муҳофазаси, биология, география ва тиббиёт соҳасидаги илмий янгиликлар билан танишиш хисобланади.
Унда Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, академик Б.Мамбетназаров, доривор ўсимликлар агроэкологияси ва интродукцияси кафедраси профессори, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори М.Ибрагимов, Қорақалпоғистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш кўмитаси бўлим бошлиғи Б.Ибрагимов, Тошкент давлат аграр университитининг таянч докторанти Ш.Маҳкамовалар баёнотлар қилди.
Иштирокчилар томонидан таъкидланганидек, атроф муҳит ҳолатига эътиборсиз муносабатда бўлиш, табиий ресурслардан меъёрдан ортиқ фойдаланиш ва экологик талабларни менсимаслик Орол денгизининг қуриши, чўлланиш, ер ва сув ресурслари таназзули, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси генофондининг ёмонлашуви, биологик хилма-хилликнинг қисқариши, кўп миқдордаги саноат, маиший ва бошқа чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши каби қатор глобал ва минтақавий экологик муаммолар пайдо бўлишига олиб келди. Ушбу муаммолар иқлим ўзгариши содир бўлаётган шароитларда янада яққолроқ ва кучлироқ намоён бўлмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимиз учун ҳам атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва уни соғломлаштириш масалалари янада долзарб қилиб қўйилмоқда.
Анжуман сўнгида таълим муассасаларида бу борадаги изланишлар кўлами янада кенгайиб, ўқувчи-ёшларнинг, талабаларнинг геоэкологик билим ва маданиятини оширишда салмоқли натижаларга эришилиши шубҳасиз, деган хулосага келинди.
Конференция секцияларда ўз ишини давом эттирди.
Н.Ембергенов,
География кафедрасининг мудири.
