Президентимиз Шавкат Мирзиёев 24 май куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашган эди.
Учрашувда давлатимиз раҳбари илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришга доир таклифларни муҳокама қилиш учун махсус майдон яратиш мақсадида Республика фан ва технологиялар кенгашини ташкил этишни таклиф қилган, буни барча бир овоздан қўллаб-қувватлаган эди.
Шунингдек, олимлар билан учрашувда тўртта йўналиш бўйича доимий комиссиялар тузишга келишиб олинди. Биринчи комиссия илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини доимий таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларни бартараф этишга амалий ёрдам кўрсатади. Иккинчи комиссия олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни ҳамда таълим сифатини таҳлил қилади ва унга баҳо беради. Учинчи комиссия олий ўқув юртларидаги маънавий-маърифий ишлар, 5 та ташаббуснинг амалга оширилишини таҳлил қилади. Тўртинчи комиссия олий таълим ва илм-фан соҳасида салмоқли ютуқларга эришган хориждаги ватандошларимизни мутахассислиги бўйича ишга жалб қилиш билан шуғулланади.
5 та ташаббуснинг тарғиботи ва унда белгиланган дастурларни амалга оширишда олий таълим муассасаларининг ўрни муҳимлигига алоҳида эътибор берилмоқда. Чунки зиёлилар ҳар доим бир қадам олдинда бўлиши ва бошқаларни ортидан эргаштира олиши лозим.
Олий таълим муассасаларида ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини ошириш масалаларига қай даражада эътибор берилмоқда?

Аҳмед РЕЙМОВ, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори:
– Давлатимиз раҳбари илгари сурган 5 та ташаббус бўйича университетимизда дастур тасдиқланган ва унинг ижроси мунтазам назорат қилиб борилмоқда. Университетимиздаги кўплаб тўгараклар фаолияти такомиллаштирилди, янги тўгараклар иш бошлади. Масалан, “Ҳурлиман” халқ рақс ансамбли тузилди. Ансамбль нафақат университетимиздаги, балки республикадаги кенг кўламли тадбирларда ҳам фаол иштирок этмоқда. Ахборот-ресурс марказида “Китобсеварлар” клуби самарали фаолият юритмоқда. Марказга китоблар жамланмасини совға қилдик. Клубнинг аъзолари кун сайин ортиб бормоқда.
Университетда 11 турдаги спорт тўгараги фаолият юритмоқда. Университетимизда май ойи “Спорт ойлиги” деб белгиланди. Ушбу ойлик доирасида югуриш марафони ташкил этилди. Ёшларнинг барча қатламини оммавий спорт турларига жалб этиш орқали уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтиши ва турли ёт ғоялардан асраш, қолаверса, ўзаро дўстлик, ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва спортни одамлар ҳаётининг бир бўлагига айлантириш мақсад қилинган ушбу спорт марафонида барча талабалар иштирок этди.
Жорий йилнинг бошида Хитойнинг Циан шаҳрида спорт курашлари бўйича Осиё чемпионатида қатнашган университетимиз талабалари Нилуфар Гадоева ва Ақтенге Кеунимжаева бронза медали билан қайтди.
Ёшларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида соҳа мутахассислари жалб этилмоқда.
Манба: http://www.uza.uz