Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари учун узлуксиз малака ошириш тизими жорий этилди
2019 йил 27 августда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисида” ги ПФ-5789-сонли фармони қабул қилинди.
Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, ўз тасарруфида олий таълим муассасалари бўлган бошқа вазирлик ва идораларнинг 2019 йил 1 сентябрдан раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш тизимини жорий этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланди.
Янги тизимга кўра, раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малака ошириши:
? мутахассислик бўйича мустақил малака ошириш;
? муқобил малака ошириш;
? таълим дастурлари асосида ихтисослаштирилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш муассасаларида бевосита ўқиш шаклларини ўз ичига олади.
Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб:
➡️ раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ишдан ажраган ҳолда тўғридан-тўғри (бевосита) ўқиш умумий давомийлиги 144 соат этиб белгиланди;
➡️ раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш марказларида профессор-ўқитувчиларнинг сонидан келиб чиқиб белгиланадиган, камида 3 та штат бирлигидан иборат таълим технологиялари кафедралари ташкил этилади;
➡️ самарали дарс бераётган профессор-ўқитувчилар, тажрибали амалиётчи мутахассисларга базавий лавозим маошининг 30 фоизигача ойлик устамалар белгилаш, соатбай иш ҳақи тўлаш шартлари билан жалб этилган малакали профессор-ўқитувчиларга соатбай ҳақ тўлаш миқдорининг 20 фоизигача кўпайтирилган ҳолда моддий рағбатлантириш ҳуқуқи берилди;
➡️ пенсия ёшидаги, уч ёшга тўлмаган фарзанди бор аёллар ҳамда ногиронлиги бўлган раҳбар ва педагог кадрлар учун қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида ўқиши масофавий шаклда ташкил этилади;
➡️ олий таълим муассасалари педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш минтақавий ва тармоқ марказлари тузилмасига халқаро ҳамкорлик бўйича мутахассис лавозимини киритилди.
Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали: https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-Av5EnAinUQIFw