Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсати сифат ва самара босқичида

2016 йил 14 сентябрь куни – Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги (янги таҳрирдаги) Қонуни қабул қилинди.

Ёшлар сиёсати – бу давлатнинг демократик тараққиёт йўлида ривожланишида ёшларни муҳим стратегик куч сифатида тан олиши, замонавий дунёда ёшларнинг эҳтиёжлари, уларнинг мавжуд демократик муҳитга тўғри мослашувига йўналтирилган қонунчилик ва ижро этиш хусусиятининг йиғиндиси ҳамда  ўзининг ёшларга нисбатан бошқарув ва ижтимоий функцияларини демократик сиёсий тизим, халқаро ёхуд миллий ҳуқуқ нормалари талаби даражасида тўлиқ бажаришидир. Ёш авлод вакилларининг манфаатини, бошқа кўпчилик қатламлар вакилларининг манфаатига қарши қўймасдан, умуммиллий манфаат билан уйғунлаштириш – ёшлар сиёсатининг асосий вазифасидир.

БМТ Бош Ассамблеяси “Ёшлар орасида умумжаҳон идеалларини, халқлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва тушунишни кенг ёйиш тўғрисидаги декларация»ни қабул қилиш орқали” ёшларни ижтимоий-ҳуқуқий ва сиёсий фаол этиб тарбиялашни ўзининг устувор йўналиши сифатида эълон қилди. ЮНЕСКО томонидан ҳозиргача ёшлар муаммоларига тегишли юздан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган. БМТ маълумотига кўра, бугунги кунда 130та давлат ёшларнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва сиёсий фаоллигини оширишга қаратилган махсус қонунчилик нормаларини қабул қилган. Шунингдек, “90га яқин мамлакат бевосита ёшлар сиёсатига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишга ваколатли олий давлат органлари ҳамда тузулмаларига эгалиги” уларни ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтиришнинг янги усул, шакл ва воситаларини яратишга алоҳида эътибор қаратиш зарурати мавжудлигидан далолат беради.

БМТ Тараққиёт дастури 2014-2017 йиллардаги Ёшлар стратегияси асосида белгиланган: ёшларнинг иқтисодиёт соҳасидаги иштирокини кенгайтириш; ёшларни жамоат ишларига кенг жалб этиш ва сиёсий қарорлар қабул қилиниш жараёнларида турли институтлар фаолиятидаги иштирокини кенгайтиришни тадқиқ этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойидаги нутқида: “Маълумки, ёш авлод тарбияси ҳамма замонларда ҳам муҳим ва долзарб аҳамиятга эга бўлиб келган. Аммо биз яшаётган ХХI асрда бу масала ҳақиқатан ҳам ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда”, деб қайд этади.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати тубдан ислоҳ этилиб, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, қатор мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди. Ушбу соҳа муайян даражада ривожлантирилди, жумладан, ёшлар ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтиришнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олиш, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий тадбирлардаги иштироки орқали ҳуқуқий-сиёсий маданиятининг шаклланиши, уларнинг ҳуқуқий ва сиёсий маданиятини юксалтиришда давлат ва фуқаролик жамияти институтларининг ҳамкорлигига замин яратувчи ҳуқуқий база яратилди.

Шунингдек, республикамизда ёшларга оид давлат сиёсатининг ҳуқуқий ва конституциявий асоси яратилди. Мамлакатимизда ёшлар сиёсатининг давлат сиёсатининг устувор йўналишига айланиш тенденцияси айнан ташкилий-ҳуқуқий асосларида намоён бўлмоқда.

Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини юксалтиришга оид қонунчилик ҳужжатларни қуйидаги гуруҳларга ажратиб кўрсатиш тўғри бўлади:

Биринчи гуруҳда 1991-2000 йилларда қабул қилинган қонун ҳужжатларини келтириш мақсадга мувофиқ. Бу даврда “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг асослари тўғрисида”ги (1991), “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги (1992), “Таълим тўғрисида”ги (1992 йил, 1997 йил янги таҳрирда) қонунлар, Меҳнат кодекси (1995), Оила кодекси (1998), ва бошқа қатор кодекслар, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури (1997), Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш Миллий дастури (1997) қабул қилинди. Давлатимиз 1991 йилда Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясига, 1992 йилда эса, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро Конвенцияга қўшилди.

Мазкур йиллар давомида мамлакатимиз Президентининг “Республика ёш ижодкорларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (1993), “Ўзбекистонда таълим олаётган ёшларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” (1993), Ўзбекистон Республикасининг ёш муаллифларига энг яхши асарлари ва илмий ишлари учун Давлат мукофотини топшириш тўғрисида” (1993), “Ўзбекистон Республикаси “Камолот” жамғармаси тўғрисида” (1996), “Ҳуқуқий тарбияни яхшилаш, аҳолининг ҳуқуқий маданияти даражасини юксалтириш, ҳуқуқшунос кадрларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ишини яхшилаш ҳақида”ги (1997) йил 25 июнь), “Таълим-тарбия ва кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, баркамол авлодни вояга етказиш тўғрисида”ги (1997 йил 6 октябрь), “Республика Маънавият ва маърифат кенгашини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги (1999) фармонлари ҳам эълон қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 29 майдаги “Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш миллий дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 235-сонли  Қарори имзоланиб ижрога қаратилди.

Иккинчи гуруҳга 2001 йилдан 2016 йилнинг сентябрига қадар қабул қилинган қонун ҳужжатларини киритиш мумкин. Мазкур босқичда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги 2001 йил 4 январдаги Фармойиши, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги (2008), “Вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги  қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодексига қўшимчалар киритиш ҳақида” (2009) ҳамда “Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида”ги (2010) қонунлар қабул қилинди. Шунингдек, 2008 йилда  Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги ҳамда Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги конвенциялар ратификация қилинди.

Бундан ташқари бу соҳада вояга етмаганлар ва ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни янада кенгроқ қўллаб-қувватлаш мақсадида ёш истеъдодлар учун “Ниҳол” мукофоти (2006), “Вояга етмаган болаларни фарзандликка ва болаларни оилага тарбияга олиш (патронат) тўғрисида”ги Низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди (2007), “Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон (2007) имзоланди, шунингдек, Ўзбекистонда болалар фаровонлигини таъминлаш бўйича Ҳаркат дастури (2007), Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009-2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссиялар фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2011 йил 17 январдаги қарори қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2124-сонли қарори ҳамда унинг асосида 2015 йилнинг 31 мартида “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати Васийлик Кенгашининг 40-сонли баёни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2015 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастури ёхуд 2016 йилнинг 10 декабридаги “Камолот” Ёшлар ижтимоий ҳаракати Васийлик Кенгашининг 65-сонли баёни билан  тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида 2016 йилда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар Дастурлари айнан ёшларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришни назарда тутганлиги билан эътиборга молик.

Учинчи гуруҳ 2016 йилнинг сентябридан бошланиб, бу борада сифат ва самара босқичига Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги (янги таҳрирдаги) Қонуни (2016 йил 14 сентятябрь) қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 3 февралдаги “Маҳалла институтини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари,  2016 йил 22 декабрдаги “Маҳаллий  ижроя ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2017 йил 8 февралдаги “Қонун ҳужжатларини тарқатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 14 мартдаги “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги,  2017 йил 14 мартдаги “Ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги,  2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисида”ги, 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2017 йил 26 сентябрдаги “Олий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни мақсадли тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги, 2018 йил 19 июндаги “Тошкент шаҳрида жамоат тартибини таъминлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2018 йил 28 июндаги “Мард ўғлон” Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги  қарорлари ҳамда 2017 йил 5 июлдаги “Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги,  2018 йил 25 январдаги “Умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 13 апрелдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги, 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида  фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги,  2018 йил 27 июндаги “YOSHLAR – KELAJAGIMIZ” Давлат дастури тўғрисида”ги  фармонлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги, 2017 йил 26 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академик лицейларининг фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2017 йил 10 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Тошкент юридик коллежида ўқув-тарбия жараёнини ташкил этиш ва унинг мазмунини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2018 йил 23 февралдаги “Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилиниши бевосита ёшлар сиёсатини юксалтиришга қаратилганлиги билан аҳамиятли саналади.

Ёшларга оид давлат сиёсатининг ушбу гуруҳи сифат ва самара босқичи, деб аталиши бевосита Ўзбекистон Республикасининг Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилаётгани ёхуд 2017 йилнинг сентябрида Бирлашган миллатлар ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72 сессияси ҳамда 2018 йилнинг июнида Хитойнинг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлари раҳбарларининг саммитида ёшлар муаммосига халқаро миқёсда эътибор қаратгани билан ҳам изоҳланади. 

Бугун дунёда беш ёшгача бўлган болаларнинг қарийб тўртдан бири тўйиб овқатланмаётганлиги, 260 миллиондан зиёд бола ва ёш мактабда ўқимаётганлиги, ривожланаётган мамлакатларда мактаб ёшидаги кичик болаларнинг 60 фоизида ҳамон минимал  таълим олиш имконияти мавжуд эмаслигини кўрганимизда давлатимиз раҳбарининг муаммони нақадар тўғри кўтарганининг гувоҳи бўламиз.

Ҳар бир масалада ташкилий-ҳуқуқий асос муҳим аҳамият касб этади. Чунки ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатда инсон тақдири ётади. Айниқса, мамлакат келажаги саналмиш ёшлар учун қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжат агар у амалда реал ишласа, унинг аҳамияти юқори бўлади. Зеро, мамлакат иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши учун истеъдодли одамларни тарбиялаш талаб этилади. Хусусан, эрта ёшдан инсон капиталини турли йўллар билан ўлчаб бориш яхши самара беради. Болани гўдакликдан тўғри овқатлантириш, соғлом ривожланишни рағбатлантириш кейинчалик унинг жисмоний ва руҳий фаровонлиги яхшилайди.

Айни пайтда, болаликда когнитив ва ижтимоий-ҳиссий имкониятларда йўл қўйилган айрим камчиликларни балоғат ёшига етганда тузатиш қимматга тушади. Шунинг учун давлат томонидан инсон капиталини бола ҳаётининг дастлабки 100 кунлигида ташкилий-ҳуқуқий ривожлантириш  иқтисодий самара беради.

Ўзбекистон Республикасини 2017-2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясининг тўртинчи йўналиши тўртинчи бандида ҳам ёшлар сиёсатини такомиллшатириш белгиланган. Бу бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб уларнинг ижроси таъминланаётгани ўз самарасини бермоқда. Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, ўғил-қизларимизнинг ижтимоий фаоллиги, Ватан ва халқ тақдирига дахлдорлик ҳисси кучайиб бораётгани, замонавий демократик Ўзбекистон давлатини барпо этишда ёшлармизнинг муносиб иштирок этаётгани барчамизни қувонтиради.

  Мамлакатимизда марказий ва маҳаллий ҳокимлик идоралари, депутатлар корпуси, суд-ҳуқуқ соҳаси раҳбарларининг ёшлар билан очиқ мулоқотлар олиб бориши ижобий анъанага айланиб бормоқда. Бундай мулоқот ва учрашувларда ёшларни қийнаётган кўпгина муаммолар жойида ҳал этилмоқда, уларга амалий ёрдам, малакали маслаҳат ва йўлланмалар берилмоқда.

Бугунги кунда Ҳаракатлар стратегияси доирасида “Ёшлар – келажак бунёдкори”, “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла”, “Ақлли шаҳар” каби кенг қамровли дастурларни амалга оширишда айнан ана шундай ташаббускор, ҳар бир масалага янгича ёндашадиган ўғил-қизларимиз фаол иштирок этаётгани, ҳеч шубҳасиз, барчамизни мамнун қилади.

Республика Маънавият ва маърифат маркази

 томонидан таёрланган тарғибот материаллари асосида таёрланди.

Foydali havolalar