2019 йилнинг 11-15 октябрь кунлари оралиғида Хитой Халқ Республикасининг Урумчи шаҳрида шу номда ўзаро ҳамкорлик Симпозиуми бўлиб ўтди. Хитой Фанлар Академиясининг Синьцзян Экология ҳәм география илмий-тадқиқот институти томонидан ташкиллаштирилган учрашувда Қорақалпоқ давлат университети делегацияси ҳам фаол иштирок этди.
Симпозиумнинг асосий мақсади-Орол денгизи экологик муаммосини илмий тарафдан ўрганиш ва унинг салбий оқибатларини бартараф этиш бўйича Хитой ва Ўзбекистон олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот институтлари ва тегишли ташкилотларнинг ҳамкорлигини қўллаб-қувватлашдан иборат бўлиб, тадбирга Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Ўзбекистон миллий университети, Ўзбекистон Фанлар Академиясининг Генетика ва ўсимликларни экспериментал биологияси илмий-тадқиқот институти, Ботаника илмий-тадқиқот институти, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги перспектив технологиялар маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказининг етакчи мутахассислари ва тадқиқотчилар қатнашди.
Симпозиум тўрт кун давом этиб, учрашув давомида “Орол денгизи ҳудуди экологик муаммоси” мавзусида давра-суҳбати, “Биологик ресурсларни тадқиқ қилиш ва ривожлантириш”, “Ер ва тупроқдан фойдаланиш”, “Сув ресурсларини бошқариш ва барқарор ривожланиш” мавзуларида илмий секциялар ўтказилди. Шунингдек, Синьцзян Экология ва география илмий-тадқиқот институти лабораториясига ва “Турпан” тарихий-маданий ёдгорлигига саёҳат ташкил қилинди.
Бу катта Симпозиумда ҚҚДУ ректори А.Реймов ва ҚҚДУ Экология ва тупроқшунослик кафедраси профессори С.Мамбетуллаевалар университет ва Орол денгизи экологияси муаммосини ўрганишга бағишланган илмий баянотлари билан қатнашди. Шунингдек, Орол экологик муаммосини илмий тарафдан ўрганиш, ҳамкорликда лойиҳалар ишлаш, профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимларни ўзаро алмашиш бўйича фикрлашишди. Шу мақсаддда Синьцзян Экология ва география илмий-тадқиқот институти ва Қорақалпоқ давлат университети ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Симпозиум якунида барча қатнашувчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, марказлар ва ташкилотлар ўртасида “Хитой ва Ўзбекистоннинг ҳамкорликдаги Ташаббуси-Орол денгизини экологик қайта тиклаш бўйича” Урумчи Декларацияси қабул қилинди.
Матбуот хизмати.
