Илм-фан ҳамда инновация соҳасидаги муваффақият

Барчамизга маълумки, кейинги йилларда барча соҳаларда бўлгани каби илм-фан ва инновацион тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, бу борада яратилган ҳар қандай илмий натижаларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги “Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларига инновацияларни жорий этиш механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3698-сонли қарори мазкур йўналишлардаги ишларга дастурий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Бунги мисол тариқасида, 2019 йилнинг 29-31 октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилган InnoWeek-2019 Иккинчи халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги ҳамда мазкур ҳафталик доирасида ташкил этилган Халқаро инновацион кўргазмани келтитиб ўтишимиз мумкин.

Мазкур кўргазмада Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети жамоаси ҳам муваффақиятли иштирок этиб, кўргазма доирасида университет томонидан юқори илмий ва инновацион самарадорликка эга бўлган жами 5 та инновацион ишланма тадбир иштирокчиларига намойиш этилди.

Хусусан, университетнинг “Шаҳар қурилиши ва хўжалиги” кафедраси ассистент ўқитувчиси Наджибулла Калиев муаллифлигидаги табиий газ сарфини кайтариш ва табиий газ ёқилғисини камайтиришга ихтисослашган ““IJDaN” кам газ сарфлаб, кўп иссиқлик олувчи ускуна”, муайян иншоотлар қурилишида ғишт девор конструкцияларининг қурилиш жараёнини тезлаштириб берадиган “Қурилишда бино ғишт деворларини териш жараёнини тезлаштирувчи ускуна”, ишлаб чиқариш корхоналарида ишлатиладиган газ ёқилғисини тежашга ихтисослашган “Ишлаб чиқаришдаги газ сарфини истимол қилишга қаратилган “ГОРЕЛКА”” номли ишланмалари, “Электр энергетикаси” кафедраси мудири Камал Реймов ва ушбу кафедра ассистент ўқитувчиси Азизбек Абубакировларнинг ҳаммуаллифлигида яратилган “Электр таъминоти тизимида реактив қувват манбаларини микропроцес-сорли блоклар оркали бошқариш” ҳамда “Энергия тизимлари электр истеъмолчиларининг юкламаларини оптимал бошқариш” номли ишланмалари шулар жумласидандир.

Ушбу кўргазмада мазкур ишланмаларга унда иштирок этувчилар ҳамда истеъмолчилар томонидан катта қизиқишлар билдирилиб, ушбу ишланмаларни ҳаётга тадбиқ қилиш ва келгусида ҳамкорлик қилиш мақсадида қатор шартномалар имзоланди.

Энг қувонарлиси, тадбир якуни бўйича тақдирлаш маросимида университетнинг ушбу ишланмаларига тадбир ташкилотчилари томонидан юқори баҳо берилиб, кўргазма доирасида ташкил этилган “Энг энергия тежамкор инновцион ғоя” номинацияси бўйича университет жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади ва ушбу мукофот дипломи университет жамоасига мазкур танловда жамоага бошчилик қилиб, иштирок этган университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори Изимбет Турдимамбетовга Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири Иброхим Абдурахмонов томонидан тантанали равишда топширилди.

Университетнинг ушбу муваффақияти албатта илмий ва инновацион тадқиқот ишларига қаратилаётган эътибор самараси бўлиб, бундай юқори баҳо келгусида университет профессор-ўқитувчилари, ёш олимлари ва иқтидорли талабаларининг илмий ишларида янада юқори чуққиларни эгаллашига хизмат қилиши шубҳасиздир.

 Ғ.Нзаматдинов,

Илмий-тадқиқотлар, инновациялар ва

илмий педагог кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи.

Foydali havolalar