Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида ҳамкор алоқаларини ривожлантириш масалаларига бағишланган юқори даражадаги учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда РФ Президенти Хорижий давлатлар билан минтақавий ва маданий алоқалар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Антон Рибаков бошчилигидаги делегация билан таълим соҳасида ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
Музокараларда ЎзР Президенти маслаҳатчиси А.Абдувахитов бошчилигида давлат маслаҳатчиси ўринбосари О.Абдурахманов, Олий ва ўрта махcус таълим вазири И.Мажидов, Мактабгача таълим вазири А.Шин, Халқ таълими вазири Ш.Шерматов, Инновацион ривожланиш вазири И.Абдураҳмонов, ЎзР ФА президенти Б.Юлдашев ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси А.Саъдуллаевлар иштирок этди.
Муҳокамаларда икки давлат ўртасида олий таълим соҳаси олиб борилаётган ҳамкорлик алоқаларини яна мустаҳкамлаш мақсадида 2020 йил февраль ойида Москва шаҳрида Иккинчи Ўзбекистон-Россия таълим форумини ўтказиш концепцияси муҳокама қилинди.
Мазкур йирик халқаро таълим форумида Ўзбекистон ва РФ олий ва ўрта махсус таълимини ривожлантириш механизмлари ва устувор вазифалари, ҳамкорликда малакали кадрлар тайёрлашнинг муҳим йўналишлари, илм-фан соҳасида ўзаро истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан таклифлар билдирилди.
Шунингдек, 2020 йил февраль ойида Ўзбекистон ва Россия ёшларининг навбатдаги Фестивалини ўтказиш, юртимизда очилиши режалаштирилган Россия университетлари филиаллари, қўшма факультет ва таълим дастурларини йўлга қўйиш юзасидан биргаликда аниқ чора-тадбирларни амалга оширишга келишиб олинди.
Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали: https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ
