ОЛИЙ ТАЪЛИМ ВАКИЛЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШДА АҚШ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ҚИЛИНАДИ

Жорий йилнинг 29 январь куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан вазирлик тасарруфидаги Бош илмий-методик марказда АҚШлик экспертлар иштирокида оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда соҳа вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда олий таълим тизимидаги педагоглар малакасини оширишда АҚШ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 августдаги ПФ-5789-сонли Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 сентябрдаги 797-сонли қарорига мувофиқ 2019 йилнинг сентябридан малака оширишнинг бевосита ва касбий фаолиятга алоқадор билвосита шаклларини вариатив ва бир-бирини тўлдириш тамойиллари асосида раҳбар ва педагог кадрларнинг узлуксиз малака ошириш тизими амалиётга жорий этилди.

2019 йил сентябрь-декабрь ойларида олий таълим муассасаларининг жами 3380 нафар раҳбар ҳамда педагог кадрлари қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларига қабул қилинган.

Уларнинг 492 нафарига муқобил малака ошириш талабларини бажарганлиги учун мутахассислиги бўйича тингловчиларга маҳорат дарси ўтказиш асосида малака аттестати тақдим этилди.

2020 йилда олий таълим муассасаларининг жами 8221 нафар раҳбар ва педагог кадрлар қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиши режалаштирилган бўлиб, улардан 1593 нафари масофадан ўқитиш таълим усуллари орқали ташкил этилган қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларидан ўтиши белгиланган.

Манба: http://edu.uz

Foydali havolalar