Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтига янги раҳбар тайинланди.
Бугун, 20 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Маджидов вазирлик ҳузуридаги Педагогик инновациялар, касб-ҳунар таълими бошқарув ҳамда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтига ташриф буюриб, институт жамоаси билан учрашди.
Учрашувда институтнинг аввалги раҳбари Баҳодир Собиров Навоий давлат педагогика институтининг ректори этиб тайинланганлиги муносабати билан янги тайинланган директор Зайниддин Явкачевич Худойбердиев таништирилди.
Президент томонидан профессионал таълим тизими олдига қўйилган вазифаларни амалга ошириш талаб даражасида эмаслигини таъкидлар экан, вазир соҳани ривожлантириш, ўқитишнинг янги усулларини жорий қилиш, бугунги кунда раҳбар ва педагог кадрларга қўйиладиган талаблар қандай бўлиши кераклиги борасида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Шунингдек, профессионал таълим тизимида ишлаб чиқариш амалиётларни ўтказиш вақтлари ва шароитларини яхшилаш ҳамда ҳар бир фандан электрон мобил адабиётларни яратиш, малака ошириш тизими бўйича халқаро тажрибаларни ўрганиш ва уни амалиётга жорий этиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали: https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-AudocFp7PIMcQ