Жорий йилнинг 26 февраль куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ташаббуси билан Халқаро етакчи компаниялардан бири Times Higher Education (THE) Республика олий таълим муассасаларининг халқаро университетлар рейтингига кириши бўйича амалий семинар-тренинг ўтказди.
Семинарда THE компаниясининг Европа, Яқин Шарқ мамлакатлари, Россия ва Марказий Осиёда стратегик ечимлар бўйича директори Майкл Каруана, «Е-квадрат» консалтинг ва медиа компанияси директори Егор Яковлев, Урал федерал университети «Наукомедиа» лабораторияси директори Марк Акоевлар тақдимот қилдилар.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва Times Higher Education (THE) компанияси ўртасида имзоланган Битимга мувофиқ, THE мутахассислари томонидан республика олий таълим муассасаларининг рақобатбардошлигини ошириш, ўз навбатида нуфузли халқаро университетлар рейтинг рўйхатига киритиш юзасидан ҳамкорликда ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Республика олий таълим муассасаларига THE томонидан ривожланиш стратегияси ва устуворлиги тамойилларини аниқлаш имконини берувчи таҳлил тизими тақдим этилди.
Шунингдек, THE билан имзоланган Битим Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг халқаро саммитлар ва Times Higher Education томонидан ташкил этилган форумларда иштирок этиш, ўз навбатида халқаро етакчи илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликни фаоллаштириш имконини берди.
Семинар-тренинг доирасида дунёнинг нуфузли университетлари глобал рейтинги – Times Higher Education World University Rankings мезонлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг ривожланиши ҳақидаги маълумотлар таҳлили амалга оширилди.
Шунингдек, олий таълим муассасаларини фаолияти ҳақидаги маълумотларни чуқур таҳлил қилиш, турли давлатлар ва минтақаларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан солиштириш ва ўз навбатида, объектив маълумотлар асосида рақобатбардошликни ошириш стратегиясини ишлаб чиқиш учун THE DataPoints ахборот-таҳлил хизматидан фойдаланиш кўникма-малакаларини ривожлантириш таҳлил қилинди.
Манба: http://edu.uz