Ўзбекистон Республикаси Президентининг пандемия муносабати билан халқимизга йўллаган навбатдаги мурожаати барчамизни бирдамлик ва ҳамжиҳатликка чорлади. Мамлакатимиз раҳбари коронавирус инфекцияси тарқалишини жиловлаш ва бартараф қилишдаги энг мақбул йўл – жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси қатъий тартиб-интизом ва гигиена талабларига тўлиқ амал қилиш эканини алоҳида таъкидладилар. Бу қоидаларга амал қилишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда, кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро масъул эканлигини куюниб гапирдилар. Ҳозирги таҳликали вазиятда ҳар бир юртдошимизнинг ўзини қандай тутиши зарурлиги билан боғлиқ вазифалар аниқ ва қатъий белгилаб берилди.
Мурожаатдаги «вазиятни агар биз қўлдан бой берсак, жиловламасак, қаттиққўл бўлмасак, вазият кескинлашиб бораверади» деган огоҳлантиришлари ҳар бир инсонни ўз хатти-ҳаракатини яна бир бор мулоҳаза қилиш ва атрофга теранроқ назар ташлашга ундайди.
Жамиятимизнинг ҳар бир аъзоси аввало ўзининг, фарзандларининг, ота-онасининг, яқинлари ва қўшниларининг саломатлигига эътиборли бўлиши лозимлиги тўғрисида ҳаётий далиллар орқали тушунтирилди.
Мурожаат давомида бугунги синовли кунларда ҳақиқий қаҳрамонлик кўрсатаётган, ўз касбига содиқ қолган, фидойи шифокорларга қарата “фурсатдан фойдаланиб, бу курашнинг олдинги сафларида чинакам жасорат ва матонат кўрсатаётган жонкуяр ва олижаноб шифокорларимизга чуқур миннатдорчилик билдираман” деган самимий фикрлари юртдошларимиз қалбида чексиз ифтихор ҳамда шифокорларимизга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғотди.
Муҳтарам Президентимиз ватанимиз келажаги бўлган талаба ва ўқувчи ёшларимизга ҳам «Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекорга ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг. Бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг» дея алоҳида мурожаат йўлладилар. Эзгу мақсадлар жамланган мазкур даъват нафақат ёшларимиз, балки таълим-тарбия бўғинининг барча қатламларида фаолият юритаётган устоз-мураббийлар, педагог-ходимларга ҳам алоҳида масъулият юклайди. Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тизимида амалга оширилаётган масофавий таълим шаклини оммалаштириш ва мукаммаллаштириш, бу ишларни самарали ва сифатли ташкил этиш талаб этилади.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги вазият қанчалик мураккаб бўлмасин мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлодимизнинг билим ва тафаккури, муайян касбни эгаллаши ва саломатлиги, аждодларга муносиб ворис бўлиб вояга етиши сингари давлат сиёсати даражасидаги вазифаларни изчил давом эттириш – кечиктириб бўлмайдиган энг устувор вазифа эканлигини англашимиз лозимдир.
Ҳозирги қийин шароитда давлатимиз раҳбари “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонни имзолади.
Мазкур Фармон билан тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва барча зарур шароитларни яратиб бериш борасида имтиёзлар берилади. Фармонга кўра туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар жорий йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси амалдаги 12 фоиздан 1 фоизга туширилади. Мазкур имтиёздан хизмат кўрсатиш соҳасидаги мингдан ортиқ субъектлар фойдаланиши кутилмоқда.
Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Ушбу имтиёз қарийб 150 мингта якка тартибдаги тадбиркорга катта кўмак бўлади.
Бу фармондан келиб чиқиб якка тадбиркорларга белгиланган енгилликлардан, улар, карантиндан кейинги даврда фаолиятини нормал юритиш учун замин яратилади. Бундан ташқари, карантин даврида онлайн хизмат кўрсатиш (етказиб бериш, электрон савдо, электрон маркетинг) соҳалари ривожланади.
Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати жорий йилнинг 1 октябрига қадар кечиктирилади. Тадбиркорлар бу имтиёзлардан солиқ идорасини уйдан туриб хабардор қилиши мумкин.
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.
Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан ёрдам бериш кўлами янада кенгайтирилади.
Қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.
Аҳолини, айниқса, унинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш бўйича қатор чоралар белгиланади.
Карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турлари янада қўллаб-қувватланади.
Э.А.Захидов
Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси раиси
М.М.Ибрагимов
Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси аъзоси