ҚОРАҚАЛПОҚ ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИДАН РАДДИЯ
Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш бўйича тарқалган хабар университет раҳбарияти томонидан атрофлича ўрганиб чиқилди ва ушбу хабар ўз тасдиғини топмади.
Бугунги кунда мамлакатимизда халқ хўжалигининг барча жабҳаларида кенг миқёсда ислоҳотлар олиб борилмоқда. Шу жумладан, таълим тизимида ҳам туб ўзгаришлар юз бермоқда. Мамлакатимиз аҳолиси, айниқса ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳаётда ўз ўрнини топиш, жамиятнинг муносиб аъзосига айлантириш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш вазифаси барчамизнинг кундалик фаолиятимизнинг устувор йўналиши ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан университет профессор-ўқитувчилар жамоаси ёш авлодга таълим бериш, уларни етук мутахассис сифатида етиштиришдек эзгу ишда ўз куч-ғайратини аямасдан, фидойилик билан меҳнат қилиб келмоқда. Уларнинг самарали иш олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилган бўлиб, айниқса уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий қўллаб-қувватлашга жиддий эътибор қаратилган.
Айни пайтда университет профессор-ўқитувчилари талаба-ёшларга махсус тасдиқланган ўқув жадвали асосида масофавий тарзда сифатли таълим-тарбия бериш билан машғул.
Шунингдек, ҳукуматимиз томонидан чиқарилаётган меърий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида университет профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини ва билимини оширишга қаратилган ишлар мунтазам амалга ошириб келинади.
Жорий йил 19 сентябрь куни университетда раҳбар ходимлар учун Қорақалпоғистон Республикаси Меҳнат ва бандлик вазирлиги Давлат меҳнат инспекцияси томонидан мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, меҳнат ва бандлик соҳасидаги асос бўлувчи принциплар ва ҳуқуқларга риоя қилиш масалалари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Кун тартибидаги масалалар раҳбарият томонидан университетнинг ҳар бир факультет ва кафедралар профессор-ўқитувчилари эътиборига ҳам етказилиб, кенг тарзда тушунтириш ишлари амалга оширилди.
Таъкидлаш жоизки, Қорақалпоқ давлат университетида бугунги кунда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва унга барҳам бериш бўйича ҳукуматимиз томонидан олиб борилаётган чора-тадбирлар доирасида ишлар йўлга қўйилганлигини алоҳида эътироф этиш лозим.