Шундай бир ажойиб қўшиқ борки, оҳанги танани жунбушга келтиради. Бу қўшиқнинг мусиқаси ҳам сўзи ҳам меҳрибон онажонларимизнинг орзу-истакларини, тилак ва эзгу-ниятларини акс эттириб туради ҳамда норасида гўдакнинг беғубор қалбига она меҳри билан сингиб, чексиз муҳаббат таратади.
Бу-алла қўшиғи. Бу-оналар қўшиғи. Фарзандининг буюк келажагини, бахту иқболини алла орқали етказиб, куй оҳанги билан тарбиялашда шу эски замонларданоқ билган оналар авлоди эканлигимиздан, дунёни шунчалар тан қолдиргудек қадриятларимиз бор эканлигидан ҳар биримиз қанча фахрлансак ҳам арзийди.
Мана шундай бой меросимизни талаба қизлар орасида кенг турда ўгит-насиҳатлаш мақсадида яқиндагина университетимиз Хотин-қизлар Кенгаши томонидан «Халқаро оила куни» муносабати билан университет ёш профессор-ўқитувчи хотин-қизлари ҳамда талаба қизлар орасида «Оналар алла айтганда» атамасида «Алла » танлови ўтказилди.
Танловда асосан факультетлардан талаба қизлар, ёш оналар, шунингдек ёш профессор-ўқитувчи аёл-қизлар қатнашди. Таңлов қатнашчилари томонидан халқ оғзида куйланиб келинаётган алла қўшиқларини куйлаши шарт бўлиб, уларнинг орасида куйлаш маҳорати ва алла мазмунига алоҳида эътибор қаратилиб, ҳакамлар ҳайъати аъзолари томонидан муносиб баҳоланди. Танлов шартларига кўра қизларимиз ҳар тарафлама синовдан ўтишди, яъни бунда алла қўшиғини куй ёки ички ҳис-туйғулари билан маромига етказиб куйлаши, алла куйлаётган вақтда қизларимиз ҳақиқий она образига кириб, бешик ва чақалоқни ушлаб-тутиши, бўлажак она ўз норасидаси ёнида ўзини ушлаб-тутиши, ўтириш маданияти, норасидаларга меҳр бериши, шунингдек шу алла куйланаётган жой ҳам миллий қадриятларимизга хос тарзда безалишига ҳам катта аҳамият берилди.
Бизни қувонтирган томони шуки, талаба-қизларимиз алла қўшиғини фақатгина қорақалпоқ тилида эмас, балки турли миллат вакилларининг, яъни қорақалпоқ, ўзбек, қозоқ, туркман ҳаттоки украин тилларида ҳам алла қўшиқларини куйлашлари бўлди. Шунингдек, қизларимиз қайси миллат тилида алла куйини ижро этса, шу миллатнинг миллийлигини акс эттириб турадиган чиройли кийимлар ва тақинчоқу рўмолларда ўз маҳоратларини намойиш қилишди. Қизларимизнинг алла қўшиғини куйлашга бўлган ихлосини кўриб, тўғриси талаба-қизларимизга ота-оналари ҳамда ўқув муассасаси томонидан берилаётган таълим-тарбиянинг натижаси эканлигидан кўзимиз қувонди.
Ўтказилган бу танловда университетимизнинг ҳар бир қизи фаол қатнашиб, уларнинг фаоллиги миллий қадриятларимизга бўлган юксак маънавий дунёқараши ҳамда маданиятида, яъни маҳорат билан ижро этган аллаларида ўз аксини топди.
Танловнинг очилиш маросимига университетнинг Ёшлар билан ишлашиш бўйича проректори С.Алауатдинов, ҚДУ ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И.Сейтназарова, университет Касаба уюшмаси раиси А.Аллаяров қатнашиб танловни очиб берди ва ўз навбатида қизларимизга самимий тилакларини билдиришди. Танловда қизларимизниг меҳнатини, ижро этган «Алла» қўшиқларини тажрибали соҳа мутахассисларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари муносиб баҳолаб борди. Ҳакамлар ҳайъати раиси ва аъзолари қуйидагилардан иборат:
1) Гуласем Уббиева – Қорақалпоғистан Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги «Оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш» бўлими бошлиғи.
2) Айгул Пирназарова – И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистан давлат санъатшунослик музейининг Этнография бўлими бошлиғи.
3)Гулбаҳар Ахымбетова – Ўзбекистон санъатшунослик ва маданият институти Нукус филиали доценти, Қорақалпоғистан халқ бахшиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби.
4) Гулбаҳар Қазақбаева – Қорақалпақ давлат университети Ахборот ресурс маркази методисти
Танлов натижасига кўра, 1-ўринга Чет тиллари факультети 4-курс талабаси Айзада Юсупова, 2-ўринга Архитектура факультети 3-курс талабаси Г. Есбосынова, 3-ўринга эса Санъатшунослик факультетининг 2-курс талабаси Ҳ.Муҳамадалиевалар лойиқ деб топилди. Шунингдек, қолган иштирокчилар «Энг таъсирли алла», «Тарбиявий аҳамияти кучли алла», «Меҳр билан айтилган алла», «Халқ орасида сақланиб қолган алла», «Замонавий алла», «Бувижоним айтган алла» каби бир қанча номинациялар ғолиби бўлишди.
Шунинг билан бир қаторда, ҳар бир иштирокчининг куйлаш маҳорати ва қўшиқнинг мазмунига қараб, ҳайъат аъзолари уларни адолатли тарзда баҳолаб ўз навбатида маслаҳатлар ҳам бериб ўтди. Айниқса, бошқа тиллардаги алла қўшиқларини маҳорат билан ижро этган қизларни алоҳида таъкидлаб ўтишди.



Танлов ғолиблари университетимиз Ректорати, Касаба уюшмаси ҳамда Хотин-қизлар Кенгаши томонидан «Диплом» , «Фахрий ёрлиқлар» ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Барчамизга онамиз меҳрини куй оҳангида кўнглимизга жойлаган алла қўшиғи-дүнёдаги энг улуғ қўшиқдир. Алла-бу оналар меҳри, алла бу-бувижонларимизнинг оқ фотихаси, бу – онанинг фарзандига гўдаклигидан бошлаб тилаган тилаги, кўнглидаги буюк умиди. Ҳар бир аёл-бешик тебратиб айтган алласи билан янада гўзал ва янада қадрлидир.
Танловда қатнашган ҳар бир талаба-қизнинг кўнглида мана шундай туйғулар ўтган бўлса, келажакда бир оиланинг бахтли бекаси бўлиб, олтин бешикни тебратишни ҳис қилган бўлса ажаб эмас.
Университетимиз қизларининг миллий қадриятларга бўлган дунёқарашини ёрқин акс эттиришда мана шундай танловларнинг ўтказилиши алоҳида аҳамиятга эга.







Инжайым Сейтназарова,
Бердақ номидаги ҚДУ ректорининг
Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси,
Қорақалпоғистан Республикасига меҳнати синган ёшлар устози.



