Давлат тили ҳақида қонуности ҳужжатлари бажарилиш ҳолатини ўрганиш

Мамлакатимизда тил сиёсатини такомиллаштириш, глобал ижтимоий таранг муносабатлар шароитида миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат ва аҳиллик тамойилини шакллантириш ҳамда мустаҳкамлаш ҳамиша устувор вазифа саналган. Бинобарин, кўп миллатли Ўзбекистон халқи миллий идрок сезимини янги дунёқарашга йўналтириш амалга оширилаётган ислоҳотлар пировард мақсадини белгилайди.

          Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 октябрдаги  «Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5850-сон Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 11 декабрдаги «Ўзбек тилининг давлат тили сифатида қўлланилишини кенгайтириш, ривожлантириш, илмий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш, ўқитиш методикасини такомиллаштириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури» ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 25 майда махсус ишчи гуруҳ Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетига ташриф буюрди. Ишчи гуруҳ раҳбари, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг маслаҳатчиси, педагогика фанлари доктори Жамолдинова Одинахон Расуловна, ишчи гуруҳ аъзолари, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети доценти Муяссар Сапарниязова ва Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети профессори, педагогика фанлари доктори Ниязметова Роза Ҳасанбоевнадан иборат меҳмонлар Университет ходимлар бўлими, девонхона фаолияти билан яқиндан танишишди, иш юритиш бўйича йўл-йўриқлар беришди.

 

Шундан сўнг давлат тили ҳақида қонуности ҳужжатлари бажарилиш ҳолатини ўрганиш асносида жойларда таклиф, тавсия ва хулосаларни ўрганишди. Ўзбек филологияси ва Қорақалпоқ филологияси ҳамда журналистикаси факультетларига ташриф буюрган комиссия аъзолари «Ўзбек тили ва адабиёти» ва «Корақалпоқ тилшунослиги» кафедралари кесимида давлат тили нуфузини ошириш, расмий иш қоғозларини юритиш тизимини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳажмини ўрганишди. 

 

Иқтидорли талабалар ҳамда давлат тили фани профессор-ўқитувчилари билан ўтказилган жонли мулоқотда ютуқ ва камчиликлар сарҳисоб қилинди. Хусусан, ишчи гуруҳ раҳбари ўз нутқида «Ўзбек тили ва адабиёти» (Ҳ.Абдуллаев) ҳамда «Қорақалпоқ тилшунослиги» (М.Қудайбергенов) кафедралари томонидан тузилган йўл харитаси ҳамда давлат тилини ўқитиш тизимини тубдан янгилаш ҳаётий эҳтиёж эканлигини таъкидлади. О.Жамолдинова мулоқот жараёнида «Ўзбек тилшунослиги» кафедраси доценти З.Ибрагимова ва «Ўзбек тили ва адабиёти» ката ўқитувчиси Р.Мадаминовалар ҳамкорлигида тайёрланган «Ўзбек тилининг соҳада қўлланилиши» ўқу қўлланмаси (Тошкент, 2021) нашр этилишини юксак баҳолади. Учрашув сўнггида факультет деканати вакиллари меҳмонлар ташрифидан мамнун эканлигини эътироф этишди.  

Илхом ҚУРБАНБАЕВ,

Ўзбек тили ва адабиёти кафедраси доценти.   

 

Foydali havolalar