ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ВА ЎРТА МАХСУС ТАЪЛИМ ВАЗИРИ А.Х.ТОШҚУЛОВНИНГ ЎЗБЕКИСТОН ВА РОССИЯ ОЛИЙ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ РЕКТОРЛАРИНИНГ УЧИНЧИ МИНТАҚАЛАРАРО КОНФЕРЕНЦИЯСИДАГИ НУТҚИ

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!
Азиз меҳмонлар!

Сизларни Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги номидан самимий қутлашга ижозат бергайсиз. Россия ва Ўзбекистон олий ўқув юртлари ректорларининг учинчи минтақалараро конференцияси кўп томонлама ҳамкорлигимизнинг ривожланиши учун муҳим аҳамият касб этишига ишонаман.

Таъкидлаш жоизки, олий таълим соҳасидаги ҳамкорлигимиз барқарор ва доимий характерга эга бўлиб, юқори ўсиш суръатларини намоён қилмоқда.
Сўнгги йилларда ўзаро ҳамкорликнинг натижаси Россиянинг нуфузли университетлари билан қўшма академик ва илмий дастурларнинг кенгайишида акс этди. 
Педагоглар академик алмашинуви дастурлари, амалиёти ва малакасини ошириш сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шуни таъкидлаш керакки, Россия университетларининг Ўзбекистондаги филиаллари умумий сони 12 тага етди.
Шу билан бирга, англаб турибмизки, бу эришилган натижалар даражасида тўхтаб қолиб бўлмайди. Биз олдинга силжишимиз ва икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишимиз керак.
Ўйлайманки, мутахассисларимизни юқори сифат даражасида тайёрлаш ва битирувчиларимизни муносиб иш билан таъминлаш ҳамкорлигимизнинг энг муҳим устувор йўналишларидан бўлиши лозим.
Ишончим комилки, ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан олдимизга қўйилган барча вазифаларни муваффақиятли бажариб, стратегик мақсадларимизга эришамиз.

Эътиборингиз учун ташаккур!

Manba: Axborot xizmati

26.05.2021

 

 

Foydali havolalar