ОДАМ САВДОСИ- ДАВР МУАММОСИ

 

Юридика факултети

Юриспруденция йўналишининг

3-курс талабаси Матёқубов Сардорбек

                                     

   Аннотация: Ушбу мақола глобал муаммолардан бири бўлмиш одам савдосининг дунё ҳамжамиятига салбий таъсири ҳақида. Дарҳақиқат, одам савдоси – бугун аср муаммосига айланиб қолди. Бу муаммони олдини олиш, бартараф этиш эса нафақат ҳуқуқ-тартибот ва бошқа идораларнинг балки бутун жамиятимиз, барчамизнинг бирдек вазифамиз ҳисобланади. Одам савдоси жиноятларининг ижтимоий хавфлилик даражаси унинг йилдан йилга ўсиши натижасида  янада  юқори  бўлиб  бормоқда.  Бу  эса,  инсон,  унинг  шаъни,  қадр-қиммати,  осойишта  турмуши  ҳамда  келажагига  таҳдид солаётган,  ўз  домига асосан  аёллар  ва  ёшларни  тортаётган,  трансмиллий  уюшган  жиноятчилик кўринишларидан  бири  бўлган  одам  савдосига  қарши курашиш  фаолиятини такомиллаштириш заруриятини юзага келтирди.

      Калит сўзлар: одам савдоси, замонавий кулчилик, маьнавий кашшоклик, коррупция, ноконуний миграция, оқ қулчилик.

     Инсон тирик мавжудотлар орасида ақл-идрок берилган онгли мавжудот бўлиб, у ўтган замонларда ҳам озод ва эркин яшашга ҳаракат қилган. Уни эркидан маҳрум қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги дунё ҳамжамияти томонидан тасдиқланган қонунларда ҳам белгилаб қўйилган. Бироқ, бугунги кунда дунё бўйлаб одам савдосидек ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон шахси, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига жиддий таҳдид туғдирмоқда. Бу билан боғлиқ жиноятлар жаҳон жамоатчилигини жиддий ташвиш ва хавотирга солаётгани айни ҳақиқат. Одам савдоси муаммоси бугун дунё ҳамжамиятининг эътиборини тортган глобал масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Дунёда ҳеч бир мамлакат, ҳеч бир миллат йўқки, бу дарднинг аламини тотиб кўрмаган бўлса. 1948-йилда «Инсон ҳуқуқлари» умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган. Шундан сўнг «Инсон ҳуқуқларининг Европа Конвенцияси», «Қуллик хусусидаги» Конвенция, «Қулликни йўқотиш амалиёти тўғрисидаги» қўшимча Конвенция, «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги» Конвенция, «Аёлларга қарши дискриминациянинг ҳар қандай кўринишларига қарши тўғрисидаги» Конвенциялар қабул қилиниб, дунёнинг кўплаб мамлакатларида қўлланила бошланди. Ўзбекистон Республикасининг 2008-йилнинг 17-апрелдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008-йил 8-июльдаги «Одам савдосига қарши курашиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мамлакатимизда одам савдоси жиноятига қарши курашишнинг миллий қонунчилик асосларини яратиб берди. Одам савдоси – инсон эркинлигига таҳдиддир. Давлатимизнинг асосий Қонуни – Конституциямизнинг VII боб, 26-моддасида «Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа, дучор этилиши мумкин эмас», дея кўрсатилган. Одам савдоси билан шуғулланиб, мўмай даромад топишни мақсад қилганларга эса жазо муқаррардир. Ҳозирги пайтда ер юзида 2 млн. 700 минг киши одам савдоси қурбонига айланган бўлиб, ушбу жиноий фаолият натижасида жиноят олами вакиллари 7 млрд. АҚШ доллари миқдорида даромад кўрмоқда. Ҳар йили дунё миқёсида 700-800 минг болалар ва аёллар алдов йўли билан чет элларга олиб кетилмоқда ва улардан жиноий мақсадларда фойдаланилмоқда. Дунё миқёсида ҳар йили 4,5 миллиондан зиёд киши одам савдоси қурбони бўлади. Ачинарлиси, уларнинг 1,2 миллиондан зиёди болалардир. Бу рақамлар одам савдосига қарши курашиш қанчалик долзарб эканини англатади. Ўзбекистонда одам савдосига қарши курашиш борасида миллий тизим яратилган. Бу давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини қамраган шундай тизимки, у халқаро ҳамкорлик алоқаларига ҳам алоҳида эътибор қаратади.

      Дарҳақиқат, одам савдоси–бугун аср муаммосига айланиб қолди. Бу муаммони олдини олиш, бартараф этиш эса нафақат ҳуқуқ-тартибот ва бошқа идораларнинг балки бутун жамиятимиз, барчамизнинг бирдек вазифамиз ҳисобланади. «Ҳеч ким қулликда ёки эрксиз ҳолатда  сақланиши мумкин эмас, қуллик  ва  қул  савдосининг  барча  кўринишлари тақиқланади»-деб инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларациясининг 4-моддасида мустаҳкамлаб қўйилган. Инсонни улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинлиги ҳимоясини  таъминлаш  асосий қадриятга  айланган  ушбу  даврда  одам  савдосининг  ҳар  қандай  кўринишига қарши кураш муаммоси долзарб аҳамият касб этмоқда. Фуқароларимизнинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишининг  кафолати  ва  уларнинг  озодлигини таъминланиши  мақсадида  ўтган  йиллар  мобайнида  Республикамизда  бундай жиноятларнинг  олдини  олиш  ва  унга  қарши  курашиш  борасида  муайян  ишлар амалга оширилди. Аввало, бу даврда одам савдоси жиноятларига барҳам беришнинг норматив-ҳуқуқий  базаси яратилди.  Жумладан, 1994-йил  22-сентябрда  қабул қилинган  Ўзбекистон  Республикаси  Жиноят  кодексида илк  бор  одам  савдосига қарши курашиш мақсадида бундай ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Одам савдоси жиноятларининг ижтимоий хавфлилик даражаси унинг йилдан йилга ўсиши натижасида янада  юқори  бўлиб  бормоқда. Бу  эса,  инсон,  унинг  шаъни,  қадр-қиммати,  осойишта  турмуши  ҳамда  келажагига  таҳдид солаётган,  ўз  домига асосан  аёллар  ва  ёшларни  тортаётган,  трансмиллий  уюшган  жиноятчилик кўринишларидан  бири  бўлган  одам  савдосига  қарши курашиш  фаолиятини такомиллаштириш заруриятини юзага келтирди. Одам савдоси халқаро уюшган  жиноятчиликнинг  таркибий  қисми,  глобал жиноий  ҳодиса  бўлиб,  у  тобора  кенгайиб  бораётганлиги  сабабли,  бугунги  кунда кўплаб мамлакатларни жиддий ташвишга солаётган муаммо ҳисобланади. Фикримни ҳаётий мисоллар билан исботлайдиган бўлсам, ҳозирги кунда она аёлларимиз ўз фарзандини сотиб юбориш даражасига бориб етмоқдалар. Нима сабабдан фарзанднинг онаси ўз фарзандини сотиб юборяпти? Она аёлларнинг ўз фарзандига меҳрсизлигими? Ёки она аёлларнинг моддий жиҳатдан пулга эҳтиёж сезилганиданми? Ахир она ўз фарзанидини тўққиз ой ўз қорнида олиб юрадику. Ҳозирги замон талаби шуни кўрсатадики, ҳар бир инсон огоҳ бўлиши зарур. Огоҳлик давр талабига айланмоқда. Фуқароларимиз орасида ҳуқуқий онг ва маданияти паст бўлганлари ҳам учраб турибди. Чет элда пул топаман деб улар қулга айланмоқдалар.

        Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига мувофиқ: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”. Жиноят кодексининг 135-моддасига мувофиқ: “Одам савдоси, яъни одамни олиш, сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш-3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”. Қулчиликнинг бу  кўриниши,  инсон  ҳуқуқларининг  бузилиши,  аёлларнинг дискриминация  қилиниши  сифатида  мазкур  жиноятларга  қарши  халқаро ҳамжамиятнинг  ва  ҳар  бир  давлатдаги  жамоатчилик  кучларини  бирлаштириш зарурлигин  кўрсатади.  Мазкур  муаммо  чегара  билмайди,  ривожланган, ривожланаётган  ёки  ривожланмаган  давлатлар,  деб  ажратмайди.  Ушбу муаммо низолар  гирдобидаги  давлатлар  учун  ҳам,  тинч  яшаётган  давлатлар  учун  ҳам хос бўлиб, кўп катта бойлик орттириш ва шаҳвоний мақсадлар билан боғлиқ бўлган мазкур  муаммо  бир  вақтнинг  ўзида  жамият  аъзоларининг  ахлоқига  ҳам  салбий таъсир кўрсатади. “Оқ қулчилик” деб номланган ушбу ҳолат ХХ аср бошларида юзага келди. 1904-йилда Европанинг  кўпчилик  давлатлари  мазкур  ҳолатга  қарши  курашда ҳамкорлик қилиш бўйича Парижда Халқаро шартнома имзоланганларидан сўнг “оқ қулчилик” атамаси пайдо бўлади. Одамлар  савдоси  –  бу  алоҳида  шахсни  (ёки  гуруҳни) ёллаш,  уларни  бир давлат  чегараси  доирасида  ёки  чегарасидан  ташқарига  олиб  кетиш  билан  боғлиқ бўлган  барча  ҳаракат  ёки  мақсадлар  бўлиб,  у  ўз ичига  сотиш,  сотиб  олиш, топшириш,  бундай  ҳаракатларни  фойда  кўриш  ёки  шунчаки  бундай  шахсни кейинчалик  алдаб  ёки  мажбурлаб  (зўрлик  ишлатиб  ёки  зўрлик  ишлатиш  билан қўрқитиб),  шунингдек,  хизмат  мавқейини  суиистеъмол  қилиш  йўли  билан  ишлатиш мақсадида  ушлаб  туришни,  шунингдек,  шахсни  хоҳишига  қарши  ҳолда  қулчилик шароитида  ҳақ  тўлаш  ёки  тўламаслигидан  қатъий  назар  ушлаб  туришни  ҳам  ўз ичига олади. Одам  савдосининг объекти  шахснинг  шахсий  эркинлигидир.  Ушбу ҳолатда жиноий  жавобгарликнинг  муқаррирлиги  шахс  эркинлигининг  кафолатидир.  Жиноятнинг объектив томони эса, одам савдоси яъни, шахсни эксплуатация қилиш мақсадида олиш, сотиш, ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одам савдоси туфайли олинаётган даромад гиёҳвандлик воситалари ва қурол-яроғ савдосидан  кейин  учинчи  ўринни  эгалламоқда.  Мазкур турдаги  жиноят натижасида  унинг  иштирокчилари  ҳар  йили  кўплаб  миқдорда  даромад  олаётгани сабабли ҳам бу ноинсоний қилмиш тобора кенгроқ кўлам касб этяпти. Шаҳвоний мақсадларда болаларни эксплуатация  қилиш,  кишиларни  мажбурий меҳнатга жалб қилиш, тиланчилик, донор органлари қора бозорининг мавжудлиги одам савдоси жиноятининг оқибатларидир. Айрим мамлакатларда  одам  савдоси,  айниқса,  аёллар  ва  болалар  савдоси шунчалик  кенг  тарқалганки,  ҳатто  муайян  миллатлар  генофондига  ва  миллий хавфсизлигига реал хавф туғдира бошлади. Бундай вазиятда ҳар қандай мамлакат мазкур жиноий  фаолиятга  қарши  курашнинг  барча  зарурий  чораларини  кўриши шарт. Модомики, Ўзбекистонда  ҳам  бу  жиноий  тўдалар  ўз  қилмишларини  амалга оширмоқдан  қайтмаётган  экан,  уларга  ўз  вақтида  ва  самарали  зарба  бериш бутун жамиятнинг муҳим вазифасига айланмоғи керак. Эксплуатация қилиш мақсадида одамлар савдоси билан боғлиқ муаммолар давлатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларидан долзарб, деб  ҳисобланди. Мамлакатдаги сиёсий  ва  ижтимоий-иқтисодий  жараёнлар  фонида, хусусан,  чегараларнинг  очилиши  ва  аҳоли  халқаро  миграциясининг  кучайиши, шунингдек,  иқтисодиётдаги  ўтиш  даври  билан  боғлиқ  қийинчиликлар,  фуқаролар турмуш  даражасининг  пасайиши  натижасида  криминоген  вазиятнинг  ёмонлашуви ҳамда  одамларни  шаҳвоний  ёки  бошқа  мақсадларда  эксплуатация  қилиш билан боғлиқ  бўлган  ҳаракатлардан  жабрланганлар  сонининг  ўсиши  кузатила  бошланди. Аксарият ҳолларда, жабрланувчилар республикадан ташқарига олиб чиқилиб, чет элда ғайриқонуний равишда ушлаб турилган. Ўзбекистон  Республикаси Жиноят кодексида шахснинг озодлиги, шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгиловчи бир қатор нормалар мавжуд. Демак, одам савдоси жиноятининг объектини  шахснинг  озодлигини таъминловчи ижтимоий муносабатлар ташкил этади. Одам савдоси жиноятининг содир этилиши натижасида шахснинг  озодлиги,  шаъни  ва  қадр-қимматини  жиноий тажовузлардан  ҳимоя  қилиш  билан  боғлиқ  жиноят  қонуни  билан  муҳофаза қилинадиган  ижтимоий  муносабатлар  бузилишига  олиб  келади.  Шахсга қарши жиноятларнинг  хавфлилик  даражаси  юқори  эканлиги  ва  Конститустиямизда  шахснинг олий қадрият сифатида эътироф этилган дахлсиз ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш давлатнинг  асосий  вазифаларидан  бири  эканлигидан  келиб  чиқиб,  Ўзбекистон Республикаси  Жиноят  кодекси  махсус  қисмининг  биринчи  бўлимида  «Шахсга қарши жиноятлар» келтирилган. Одам савдоси инсоннинг юксак эъзозга лойиқ бўлган конститустиявий ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи ва шахсий дахлсизлигига таҳдид солувчи жамиятдаги салбий иллатлардан биридир. Бинобарин, энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, соғлиги, эркинлиги, қадр-қиммати эканлиги тўғрисидаги тамойил Конституция даражасида мустаҳкамлаб  қўйилган. Бу конституциявий  талабни ҳаётга татбиқ этиш учун одам савдоси каби жамиятдаги салбий иллатларга қарши комплекс  равишда  кураш  олиб  бориш  лозим. Зеро,  мамлакатимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ тизими ислоҳотларининг бош мақсадларидан бири инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва  эркинликларининг  самарали муҳофаза  этилишини таъминлашдир. Ҳозирда одам савдоси глобал хавфсизлик, жамият барқарорлиги, жаҳон ҳамжамиятининг    ривожланишига  таҳдид  солаётган  жиноят  сифатида баҳоланмоқда. У хавфлилик даражаси бўйича ноқонуний қурол-яроғ сотиш ва наркобизнес  каби  трансмиллий  жиноятлар  билан  бир  қаторга  қўйилмоқда.  Одам савдоси трансчегаравий,  комплекс  характерга  эга,  уюшган  гуруҳлар томонидан  содир  этилаётган  жуда  кенг  тарқалган  жиноят  бўлиб,  унда  инсон «товар»га  айлантирилади.  Амалда  эса бу  «қулликнинг» замонавий  шаклидир. Бугунги  кунда  одам  савдоси  инсон,  унинг  шаъни,  қадр-қиммати,  шахсий дахлсизлиги,  осойишта  турмуши  ҳамда  келажагига  таҳдид  солаётган,  инсоният цивилизациясига очиқдан-очиқ тўсиқ бўлаётган, жамият тараққиёти ва давлат ривожига  жиддий  хавф  туғдираётган,  ўз  домига  асосан  аёллар  ва  ёшларни тортаётган,  ҳудуд  ва  чегара  танламаётган  трансмиллий  уюшган жиноятчиликнинг хавфли кўринишларидан бирига айланди. Одам  савдоси  муаммоси  кейинги  пайтларда  нафақат  ҳуқуқни  муҳофаза қилувчи  органларнинг  ходимларини,  балки  кенг  жамоатчиликни  ҳам  қаттиқ ташвишлантирмоқда. Чунки, одам савдоси ҳар бир инсоннинг олий қадрият сифатида эътироф этиладиган шаъни, қадр-қиммати ва шахсий дахлсизлигига хавф солмоқда. Шу боисдан,  ушбу  жиноятчиликка  барҳам  бериш  нафақат  ҳуқуқ-тартибот  идоралари ходимларидан, балки кенг жамоатчиликдан ҳам фаолликни талаб этади.Бизнинг  нуқтаи-назаримизга  кўра,  “замонавий  қуллик” тушунчасига, яъни одам савдоси жиноятларининг жабрланувчиларига хос бўлган ҳолатларга қуйидагилар киради: биринчидан, одам савдосининг жабрланувчилари зўравонлик ёки уни қўллаш таҳдиди  ёрдамида  назорат  қилинади.  Улар аксарият  ҳолларда,  шафқатсиз  жисмоний, жинсий ёки руҳий муносабат билан тўқнаш келишадилар; иккинчидан,одам савдосининг жабрланувчилари тутқунлик ҳолатида бўладилар. Улар ўз  иродасига  қарши  ҳолатда  меҳнатнинг  мажбур қилинган  тури  билан шуғулланади  ва  вазиятни  ўз  хоҳишига  кўра  ўзгартира  олмайди,  шунингдек, меҳнат  жойида  улар  мажбурий  равишда  ушлаб  турилади  ва  доимий  кузатув ўрнатилганлиги сабабли иш жойларини тарк эта олмайдилар; учинчидан,  одам савдосининг жабрланувчилари ўз ишига арзимас ҳақ олади ёки иш ҳаққини умуман олмайди. Уларнинг барча даромадларини ёки унинг катта қисмини назорат қилиш билан шуғулланувчи иш берувчи, воситачи, қўшмачи ва бошқа шу сингари шахслар мажбурий тартибда олиб қўядилар; тўртинчидан, одам савдосининг жабрланувчилари назорат остида бўлганликлари сабабли ўз қариндошлари, дўстлари ва танишлари  билан  эркин  мулоқотда  бўла олмайдилар. Ҳаттоки, улар шифокор кўригига,  шифохонага ёки  бошқа  тиббиёт муассасаларига ҳам назорат остида олиб борилади; бешинчидан,  одам  савдосининг  жабрланувчиларидан  шахсларини тасдиқловчи, шунингдек қонуний бўлиш ҳуқуқини берувчи бошқа ҳужжатлари олиб қўйилади.  Одам савдоси билан  шуғулланувчи  шахслар  ўз  “кирдикорлар”ини яшириш мақсадида бундай савдонинг қурбонига айланаётган шахсларни имкон қадар эътибордан четда тутишга ҳаракат қиладилар. Аввало, бунинг учун одамларни хорижга ноқонуний  йўллар  билан  олиб  чиқишга,  паспорт  ва  шахсий  ҳужжатларини қалбакилаштиришга  уринадилар.  Бу ҳолат эса ноқонуний  миграция  салмоғининг ортишига,  муайян  давлат  ҳудудига  ноқонуний  кириб  келганлар  сонининг  ортиб, иқтисодий, демографик ва криминоген вазиятга салбий таъсир кўрсатишига, шу билан бир  қаторда,  хорижга  чиқиш  ва  муайян  давлат  ҳудудида  бўлиш  қоидаларининг бузилишига олиб келади. Мамлакатимизда одам савдоси, шахснинг эрки ва ҳуқуқларини поймол этиш, зўравонлик, фоҳишабозлик  қонун  йўли  билан  тақиқлаб  қўйилган  бўлсада,  кейинги пайтларда соддадил фуқароларни чет элга ишлашга  олиб бориш ниқоби остида уларни чув  тушураётган  фирибгарлар  учраб  турибди.  Улар турли йўллар  билан  фуқароларни хорижий  давлатларга  олиб  бориб,  улардан  шаҳвоний  ва  бошқа  мақсадларда фойдаланиш ҳоллари сўнгги пайтларда кўплаб қайд этилмоқда. Кишилар қонуний тарзда чет элга бориш ва ишга жойлашишдаги воситачилик билан боғлиқ хавфни  тушуниб  етмаган  ва  чет  элда  ишга  жойлашиш  вазияти тўғрисида  деярли  ҳеч  нарса  билмаган  ҳолда  ўзларини  ушбу  турдаги  хатти-ҳаракатларни содир қилувчи шахсларнинг енгил ўлжасига айланиб қолиш хавфи остига қўймоқдалар. Бугунги кунда  чет  элга  боришни  хоҳловчиларнинг  асосий  қисми  ноқонуний йўллар  билан  чиқиб  кетишни  ўзларига  афзал  кўришмоқда.  Натижада турли қийинчиликлар, муаммоларга дуч келмоқда. Умрида маҳалласидан ташқарига чиқмаган одамлар кимларнингдир алдови, ёлғонига учиб, катта пул билан  чет  элга  кетяпти.  У ерда эса  тилни  ва  йўл-йўриқларни  билмаслиги,  энг муҳими,  ноқонуний  равишда  келганлиги  ва  ҳуқуқий  ҳимоясиз  бўлганлиги  учун қул  сифатида  ишлатилмоқда. Бир сўз билан айтганда,  айрим  юртдошларимиз соддаликлари  туфайли  одам  савдогарларининг  ўлжасига  айланиб  қолганликларини  жуда кеч тушуниб етмоқдалар. Одам савдоси трансмиллий уюшган жиноятчилик  учун  ниҳоятда  тез ривожланаётган ва жуда даромадли фаолиятга айланди. Одам савдоси жиноятчилар учун сердаромад манба бўлганлиги учун  ушбу  тоифадаги  жиноятлар  асосан уюшган гуруҳ ва жиноий уюшмалар томонидан содир этилмоқда. Шунинг учун жиноий тузилмалар ушбу ноқонуний фаолият билан шуғулланишнинг турли йўлларини қидириш, мақсадини амалга оширишни  енгиллаштириш учун  халқаро  жиноий уюшмалар  ташкил  этиш,  давлат  хизматчиларини  ўзларига  оғдириш  пайида бўладилар.  Бу эса, трансмиллий уюшган жиноятчилик,  коррупция  каби  жамиятни замирига болта урувчи хавфли иллатларнинг кенг ёйилишига сабаб бўлади. Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари энг олий қадрият ҳисобланади. Бу дунёда ҳамма тенг бўлиб туғилган ва шундай бўлиб қолади. Ҳеч ким бировни сотиши ёки унга қулдай муомалада бўлишга ҳақли эмас.

 

Фойдаланилган адабиётлар:

  1. “Инсон хукуклари умумжахон декларацияси”. 1948-йил.
  2. Инсон хукукларининг Европа конвенцияси. 1950-йил.
  3. Ўзбекистон Республикаси конституцияси. 1992-йил.
  4. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси. 1994-йил.
  5.  

 

Foydali havolalar