«Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 245-8-моддаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-744-сонли Қонун ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига тушунтириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьялари Т.Турдымуратов, А.Абдикаримов ва М.Байниязовлар Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Коррупцияга қарши курашиш комплеанс назорат бӯлими бошлиғи К.Утениязов университет талабалари билан учрашув ўтказди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси Т.Турдымуратов ўз маърузасида Қонуннинг мазмун-моҳияти ва уни қўллаш амалиёти ҳақида сўз юритаркан, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимларига маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларини кўриб чиқиш ваколатлари белгиланганлиги, қандай тоифадаги ҳуқуқбузарликлар улар фаолиятига тааллуқли эканини тушунтириб ўтди.

Шунингдек, мазкур қонунга киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқувчи органларнинг ваколатлари, маъмурий ҳуқуқбузарлик ишларининг тааллуқлилигига ойдинлик киритилганлиги билан муҳим эканлиги таъкидланди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245, 245-8-моддаларига ўзгартириш киритилди.
Хусусан, 245-8-модда қуйидагича таҳрирланди:
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ушбу Кодекснинг 43 (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида), 200-2 (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида), 241-1; 241-4; 241-6; 241-8; 241-10-моддаларида назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлилиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга унинг ўринбосарлари ва Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспекторлари ҳақли экани белгиланди.

Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси А.Абдикаримов фуқароларнинг судга мурожаати бўйича қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришлар тўғрисида тушунтириб, тадбир иштирокчиларини судга мурожаат қилишда ўзига яқин бўлган худуддаги судга даъво аризаларини топшириш бўйича ҳам маълумот берди.
Шунингдек, учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси судининг судьяси М.Байниязов “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун хусусида ҳам тўхталиб ўтди. Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, унинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.
Мазкур Қонунда коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда Қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларни ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш ҳамда таъмагирлик қилиш каби жирканч ҳолатларга йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлигини аниқ-равшан кўриш мумкинлиги таъкидлади.

Шуни айтиш мумкинки, бугунги глобаллашув даврда давлат ва жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлиб келаётган “коррупция” деб аталмиш салбий иллатнинг мавжудлиги барчамиз учун фавқулодда ҳолат деб баҳоланмоғи керак. Ушбу жирканч иллатга қарши курашишни нафақат ҳар бир давлат хизматчиси балки, барча фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг туб негизига сингдирилиши биз учун коррупциянинг уруғини қурутиш учун олға ташланган муҳим ва асосий қадам бўлади.
Тимур Турдымуратов,
Қорақалпоғистон Республикаси суди судьяси