2022 йил 22 февраль куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети маданият саройида Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов, вазирлик ҳузуридаги Инновациялар миллий офиси рахбари О.А.Тўйчиев, вазирликнинг Қорақалпоғистон Республикаси инновацион ривожланиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Н.С.Каюпов, вазирлик масъул ходимлари иштирокида вазирнинг сайёр қабули йиғилиши ўтказилди.

Сайёр қабул йиғилишини университетнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори И.Р.Турдимамбетов очиб берди. Сайёр қабул йиғилишида Қорақалпоғистон минтақасининг барча олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректорлари ва директор ўринбосарлари, ушбу муассасаларда бажарилаётган илмий тадқиқот лойиҳалари иштирокчилари, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузурида янгидан ташкил қилинган Қорақалпоғистон Илмий-техник кенгаши аъзолари, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларининг профессор-ўқитувчи ва илмий ходимлари, ёш олимлар, таянч докторантлар, докторантлар, мустақил изланувчилар, стажёр-тадқиқотчилари, ўзларининг стартап лойиҳалари ва ғоялари билан фаол бўлган иқтидорли талабалар ҳамда магистрлар, тадбиркорлик ташкилотлари, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар иштирок этди.

Сайёр қабул йиғилиши аввалида Инновацион ривожланиш вазири И.Ю.Абдурахмонов томонидан бугунги кунда мамлакатимизда илм-фан ва инновация соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, айни пайтда соҳа олдида турган долзарб вазифалар, бу борада олимлар, тадқиқотчилар, айниқса, Қорақалпоғистон минтақасидаги ёш олимлар ва иқтидорли ёшларнинг фаол иштирок этиши бўйича кенг мазмунда фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Бундан сўнг сайёр қабулнинг асосий қисми бошланиб, вазир томонидан йиғилиш иштирокчилари билан ўзаро, тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатилди. Хусусан, айни пайтда илм-фан ва инновация соҳасидаги долзарб масалалар, олим ва тадқиқотчиларнинг ўзларини қизиқтирган саволлар ҳамда уларни қийнаб келаётган муаммолар, хусусан, илмий тадқиқот (амалий, инновацион, стартап) лойиҳаларни тайёрлаш, расмийлаштириш ва танловга тақдим этишга доир муаммолар, ёш олимлар, тадқиқотчилар, таянч докторантлар, докторантлар томонидан илмий тадқиқот ишларини республика ва хорижнинг етакчи олий таълим ва илмий тадқиқот муассасаларида амалга оширишда илмий стажировкаларни ташкил этиш, тадқиқот ишларини олиб боришда илмий лабораторияларнинг зарурлиги ва бошқа шу каби қатор муаммолар масалалар юзасидан савол-жавоблар, таклифлар ва тавсиялар билдирилди ҳамда ушбу таклиф ва тавсиялар тегишли тарзда сайёр қабул йиғилиши баённомасига киритилиб, айрим истиқболли лойиҳалар келгусида мақсадли илмий-инновацион лойиҳалар сифатида қабул қилиниб, молиялаштирилиши белгилаб қўйилди.



Сайёр қабул йиғилиши сўнгида вазирнинг шахсан ўзи томонидан бир қатор Қорақалпоғистон иқтидорли ёшларига, шунингдек Қорақалпоқ давлат университетининг иқтидорли ёшлари ҳисобланган “Кимёвий технология” мутахассислиги 1-босқич магистранти Оспанов Темур ҳамда “Нефть ва газ конларини ишга тушириш ва улардан фойдаланиш” мутахассислиги 1-босқич магистранти Қудайбергенова Шахнозаларга илмий ва инновацион соҳада ўзининг ташаббускорлиги ва самарали фаолияти учун “Келажак инноватори” сертификатлари тантанали равишда топширилди.
Сайёр қабул тадбири юқори ташкилотчилик ва кўтаринки рухда ўтказилди.
ҚДУ Матбуот хизмати