2020 йил 31 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Геология қўмитасида математика, кимё-биология ва геология соҳаларида фаолият олиб бораётган олимлар, тадқиқотчилар ва олий таълим муассасаларидаги иқтидорли талабалар билан учрашди.
Мазкур учрашувда Қорақалпоқ давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари ҳам фаол иштирок этишди. Қизғин мулоқотлар ва ўзаро фикр алмашувларга бой учрашувда университет ўқитувчилари ва талабалари ҳам ўзларининг таклиф-тавсияларини билдиришди.
Жумладан, университетнинг органик ва ноорганик кимё кафедраси доценти, к.ф.н. М.Алланиязова Тошкент шаҳридаги етакчи илмий ва олий таълим муассасаларининг бакалавриат, магистратура ва олий таълимдан кейинги институтлари қабул режаларидан Қорақалпоғистон Республикаси учун мақсадли квоталар ажратиш, шунингдек мамлакатимизнинг олис минтақаларидан келиб таҳсил оладиган талабалар ва тадқиқотчилар учун махсус турар жойлар ташкил этиш таклифини билдирди.
Университетнинг математика факультети 3-босқич талабаси Қ.Сарсенбаев эса математика, кимё ва биология фанлари бўйича халқаро фан олимпиадаларни Нукус шаҳрида ўтказиш ташаббусини илгари сурди. Биология факультети 3-босқич талабаси Э.Жангабаева Қорақалпоқ давлат университети базасида Оролбўйи минтақаси ўсимликлари экологиясини чуқур ўрганиш имкониятини берувчи биоэкология илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этишни таклиф этди.
Муҳтарам Президентимиз ушбу таклиф ва тавсияларга ўзининг ижобий муносабатини билдириб, барчасини қўллаб-қувватлашини таъкидлади ҳамда бу таклифларни ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиб, уларни амалга ошириш учун тегишли мутасаддиларга топшириқлар берди.
Матбуот хизмати.
