Жорий йилнинг 19 июнь куни Қорақалпоқ давлат университетининг География ва табиий ресурслар ҳамда Биология факультетларида Германиянинг Халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ва Франциянинг «CIRAD» (Халқаро қишлоқ хўжалиги муассасасини ривожлантириш бўйича) ташкилоти билан ҳамкорликда семинар бўлиб ўтди.
Семинар-тренингга География ва табиий ресурслар факультети ҳамда Биология факультетининг профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар, GIZ нинг Ўззбекистондаги мутахассиси Мухаббат Камалова ва «CIRAD» экспертлари
Жан-Данель Сезаро, Одри Жоливо ва Симон Тангурдулар қатнашди.
Семинарда Жан-Данель Сезаро ўзининг “Қуйи Амударё бисферавий резерватида экотизим эволюциясини карталаштириш”, Симон Тангурду эса “Экотизимни функциялаштириш ва ўсимликларни мониторинг қилиш” мавзусида тақдимот қилди. Сезаро ўз нутқида спутниклардан съёмка олишда «LandSat» ва «Spot 6» спутнигининг съёмкаларидан фойдаланишини айтиб, уларнинг бажарадиган вазифалари ва хусусиятлари ҳақида тушунча берди. Олинган съёмкани ГИС программаси орқали қайта ишлаб карталаштириш бўйича ҳам тўхталиб ўтди. Симон эса ўсимликларни дала амалиётида мониторинг қилишнинг бир қанча усуллари ҳақида маълумот берди. Шунингдек, у ўсимликларни классификация қилиш усуллари ва уларнинг хусусиятлари ҳақидаги маълумотни мобил қурилма ёки интернет сайтлар орқали топиш йўлларини тушунтириб ўтди. Семинар сўнгида талаба-ёшлар ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди. Тадбир якунлангандан кейин меҳмонлар университетнинг ГИС маркази билан танишди ва у ердаги мутахассислар билан суҳбатлашиб, қуйи Амударё биосферавий резервати ҳақида фикр алмашишди.
Матбуот хизмати.
