Университетимизда республика илмий-амалий конференция ташкиллаштирилди

Бугун ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Қуролли Кучлари тизимида ҳам бир қанча ижобий ўзгаришлар юз бермоқда. Миллий Армиямизнинг обрўси жаҳон миқёсида тобора ошиб бормоқда. Ўз навбатида халқимизнинг ҳам ўз миллий армиясига – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига нисбатан ишончи мустаҳкамланиб бормоқда.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ва саъий-ҳаракатлари натижасида халқ ва армия бирдамлиги бугунги ҳаётимизда ўз исботини топмоқда. Бугун ҳарбий-маъмурий бошқарув органлари ўзлари жойлашган минтақаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланган. Миллий Армиямиз жаҳон стандартларига мос, энг илғор технологиялар асосида модернизация қилинмоқда. Ҳарбий аскар ва зобитларимизнинг жисмоний-маънавий салоҳияти, жанговор қудрати жиҳатидан эътирофга сазовор бўлиб бормоқда.

Бугун мамлакатимизнинг барча ёшлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида хизмат қилишни ўзларининг энг олий орзуси деб билади. Чунки, бугун Миллий Армиямиз чинакам юксак маънавият ва жисмоний-интеллектуал тарбия мактабига айланди. Бундай юксак эътироф ҳар бир фуқаро қалбида юксак фахр, шу қаторда Она-Ватанга муҳаббат, юртга дахлдорлик ва халқ хизматига камарбаста бўлиш каби туйғуларни пайдо қилади.

Бугунги анжуманимиз ҳарбий хизматларнинг баркамол авлодни тарбиялашдаги аҳамиятига бағишланган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 августдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг маънавий-маърифий савиясини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларнинг ижроси, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2019 йил 27 февралдаги 191-сонли буйруғига асосан жорий йилнинг 17 май куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида “Ҳарбий хизматларнинг маънавий баркамол авлодни тарбиялашдаги ўрни ва роли” мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.

Конференцияни ҚҚДУ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори О.Дуйсенбаев бошқариб борди.

Анжуманнинг очилиш маросимида Шимолий-Ғарбий Ҳарбий Округи қўмондони, полковник Д.Чориев, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Т.Раманов ва бир қатор жамоат ташкилотларидан раҳбар ходимлар баёнат қилди.

Илмий-амалий конференциянинг асосий мақсади – аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида “Она Ватанни ҳимоя қилиш ва унга хизмат қилиш – олий бурч” шиори остида ҳарбий хизматнинг нақадар шарафли ва маъсулиятли касб эканлигини кенг тарғиб қилиш, мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини кучайтириш ҳамда янада мустаҳкамлашнинг асосий негизларидан бири бўлган ҳарбий хизматга қабул қилиш ва уни ўташ тўғрисида аҳолининг тасаввурини кенгайтириш, шунингдек, ёшларни ватапарварлик руҳида тарбиялаш, уларда ҳарбий хизматни ўташ, шу орқали юртимиз тинчлиги ва осойишталигини ҳимоя қилишга бўлган иштиёқи ва ташаббускорлигини юксалтириш, пировардида уларда юрт ривожи ҳамда равнақига дахлдорлик ҳиссини ошириш ва давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳаларида уларнинг фаол иштирокини таъминлаш ҳисобланади.

Куннинг иккинчи ярмида конференция иштирокчилари, талаба-ёшлар Нукус шаҳридаги Шимолий-Ғарбий Ҳарбий округига саёҳат уюштиришдилар.

Саёҳат давомида иштирокчилар ҳарбий хизматчиларнинг ва аскарларнинг турмуш тарзи билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, ҚҚДУ табалари округ кутубхонасига китоблар совға қилди ва муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар билан “Тимур тузуклари билимдони” бўйича ўзаро викторина ташкил қилди.

Бундан сўнг, ҚҚДУ “Жайҳун” талабалар театр студияси томонидан Округнинг “Офицерлар уйи”да “Кўкдаги армон” спектаклини қўйиб берди.

Мазкур конференцияга мамлакатимизда фаолият юритаётган кўплаб давлат органлари, бошқарув идоралари ва ташкилотлар, олий таълим муассасалари вакилларидан қарийб 200 га яқин мақолалар келган. Мазкур мақолалар таҳририят аъзолари, тегишли соҳа мутахассислари тақризидан ўтказилиб, ягона тўплам ҳолида нашрдан чиқарилди.

Матбуот хизмати.

 

Foydali havolalar