Ҳар бир жамиятнинг, унда яшайдиган инсонларнинг тақдири ва келажаги албатта, ёшлар тарбияси билан чамбарчас боғлиқдир. Бугунги кунда давлатимизнинг асосий максадларидан бири келажак пойдевори бўлган ёшларни ҳуқуқий, маънавий, сиёсий, ва ахлоқий етук, мустақил фикрловчи, баркамол авлод қилиб вояга етказишдир. Ҳозир мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизидан ортиғини ёшлар ташкил қилади. Ёшлар жамиятимизда амалга оширилаётган тарихий жараёнларнинг барча соҳаларида фаол иштирок этишмоқда.
Мамлакатимиз тақдири, халқимиз эртанги кунини белгилаб берадиган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидори, истеъдоди, салоҳияти, имконияти ва куч-ғайратини жамиятимизнинг турли жабҳаларида амалга оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Шундай тадбирлардан бири жорий йилнинг. 6-7 ва 8 сентябр кунлари Тошкентда ўтказилиши кутилаётган Осиё Ёшлар конференцияси бунга мисол бўла олади.
Мазкур конференция 6 та йўналиш, яъни: экология, туризм, ижтимоий ҳаёт, ахборот технологиялари, ҳуқуқ ва иқтисодиёт соҳаларини қамраб олади. Қатнашувчилар ўзлари қизиққан йўналишни танлаб, шу соҳага ўз фикр ва таклифларини билдиришлари, бу соҳанинг яхши ва ёмон томонларини қолганларга кўрсатиб беришлари мумкин. Ва ушбу соҳанинг ҳали ечилмаган муаммоларига жамоа бўлиб биргаликда ечим топишга ҳаракат қиланади.
Конференцияни ўтказишдан мақсад ёшларнинг ўзига бўлган ишончини уйғотиш, бошқа ёшларга мотивация бериш ва уларнинг ўзлари учун зарур бўлган билимларни қўлга киритишларига ундаш ҳисобланади. Конференцияга 600 нафар ёшлар, шу жумладан, 500 нафар ўзбекистонлик, 100 нафар чет эллик ёшлар жалб қилиниши режалаштирилмоқда.
Бундан мақсад эса, ёшларимиз фақатгина ўз дўстлари билан чекланиб қолмасдан, бошқа давлат ёшлари билан ҳам маълум бир фикр алмашиши, улар билан яқиндан дўст бўлишларига кўмаклашишдир.
Ватанимиз равнаки – ёшларимиз бахт-саодатининг асосий шартларидан бири бўлиб хисобланади. Бу йўлда муносиб билим ва тарбияга эга бўлган, ҳалол, пок, меҳнатсевар, ўз ишини мустақил бажара оладиган одобли ёшлар бўлишимиз бугунги кун талабидир.
Шундай экан, сиз ҳам рўйхатдан ўтишга шошилинг. Конференцияда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган барча фаол ёшлар иштирок этиш имкониятига эга эканлигини унутманг! Ўзингизни англанг, ишончни ҳис қилинг, олдингизга мақсад қўйинг ва уни албатта амалга оширинг.
Кузнинг илк кунларида бўлиб ўтадиган ажойиб конференция нафақат мунозарали баҳсларни, дўстона мулоқотларни, балки Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳатни ва кўнгилочар ўйинларни ҳам ўз ичига олади.
Сизни ҳам конференсияда кутиб қоламиз!!!
Конференция ҳақидаги тўлиқ маълумотларни эса t.me/AsiaYouthConference дан топишингиз мумкин.
Отабек PАҲИМБАЕВ,
География ва табиий ресурслар факультетининг
3-босқич талабаси,
Осиё Ёшлар Конференцияси делегати.