#Халқаро_ҳамкорлик Ўзбекистон АҚШ билан кадрлар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни кучайтиради

Бугун, 30 август куни Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида АҚШнинг юртимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Даниэл Розенблум қабул қилинди.

Вазир Иномжон Мажидов ва жаноб Даниэл Розенблум замонавий таълим йўналишларида малакали мутахассислар тайёрлаш мақсадида келгусида олий таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди.

Жаноб элчи АҚШлик мутахассисларнинг ўзбек ОТМларида инглиз тили фанини ўқитиш методикасини такомиллаштириш, ўқув режа ва дастурларни тузиш, қолаверса, икки давлат ўртасида академик мобиллик дастурларини йўлга қўйишда қўшаётган ҳиссасини эътироф этди. Шу билан бирга истиқболда олий таълимда ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали катта имкониятлар борлигини айтиб ўтди.

– Сўнгги вақтларда Ўзбекистондаги ОТМлар тўқимачилик ва кимё саноати, фармацевтика, архитектура ва қурилиш, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, машинасозлик, энергетика йўналишларида халқаро ҳамкорлик қилишга катта эътибор қаратмоқда, – деди Иномжон Мажидов. – Биз бу йўналишда Тошкентда АҚШ университетлари филиалини ташкил қилиш, кадрлар тайёрлаш бўйича қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш бўйича ҳамкорлик қилишга доим тайёрмиз.

Марказий Осиёда биринчи бўлиб Тошкентда АҚШнинг Вебстер университети таълим дастурларини амалга ошириш марказининг очилиши икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг ёрқин мисолидир.

Жорий ўқув йилидан ўз фаолиятини бошлаган Вебстернинг Тошкент филиалида компьютер технологияси, бошқарув ва иқтисод, медиа коммуникациялар, мактабгача таълим соҳасида бакалаврлар тайёрланмоқда.

Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали: https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-Av5EnAinUQIFw

Foydali havolalar