Ином МАЖИДОВ: Бугун машқ масалаларида тоблансангиз, ҳаёт синовларида осон бўлади

Бугун, 4 сентябрь куни республикадаги барча олий таълим муассасаларида янги ўқув йили “Мустақиллик дарслари” билан бошланди. Давлат ва жамоат арбоблари, Сенаторлар, депутатлар, маҳаллий ҳокимлик раҳбарлари талабаларга дарс ўтдилар.

Олий ва ўрта махсус таълим вазири Ином Мажидов ўзи таҳсил олган республика физика-математика мактаб-интернати – ҳозирги ЎзМУнинг С.Сирожиддинов номидаги академик лицейининг биринчи босқич ўқувчилари билан учрашди.

Вазир ўқувчиларга жамиятимизда кечаётган ўзгаришларни олий таълим тизими мисолида тушунтириб берди. Иқтисодиёт ривожи учун зарур бўлган малакали кадрларни тайёрлаш мақсадида охирги уч йилда 35 та янги олий таълим муассасаси ташкил қилингани, уларнинг умумий сони 112 тага етгани ҳамда 13 та нуфузли хорижий университетларнинг филиаллари ташкил қилинганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

– Сиз янги даргоҳда қадам қўйдингиз. Худди Сиздек мен ҳам бу масканга илк бор келганимни яхши эслайман, – деди Иномжон Мажидов ўқувчилар билан учрашувда. – Бу ердаги тартиб-интизом, ўқув юкламаси, ўқитувчиларнинг талабчанлиги Сизларни асло чўчитмасин. Ишонинг, бугун бу ерда масалалар кўплигидан қийналсангиз, эртага катта ҳаётда ўзингизга осон бўлади. Чунки ҳаёт ҳам масала ечишдек жумбоқларга тўла, курашлардан иборат.

Вазирнинг ўқувчилар билан учрашуви самимий бўлиб ўтди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга жавоб берар экан, вазир олий таълим олиш учун имкониятларнинг тобора кенгаяётгани, нуфузли хорижий университетлари филиаллари очилаётганини таъкидлади ҳамда ҳозирги имкониятлардан унумли фойдаланишга, қўрқмасдан мақсадни катта олишга чақирди.

Манба: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг расмий телеграм канали: https://t.me/joinchat/AAAAAEX5-Av5EnAinUQIFw

Foydali havolalar