Швеция сафари тассуротлари

2019 йилнинг 18-25 август кунлари Швециянинг Лунд университетида «Марказий Осиёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш (EPCA): Фазовий усуллар ва технологиялар орқали табиий офатларни бошқариш» лойиҳасининг навбатдаги йиғилиши ва семинар тренинги бўлиб ўтди. Йиғилишни лойиҳа координатори профессор Али Мансоуриан очиб берди.

У мазкур семинар-тренинг дастури билан қисқача таништириб ўтди. Лойиҳа координатори ва ҳамкор университетлардаги координаторлар семинар-тренингда лойиҳа доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида гаплашиб олишди ва келажакдаги режалаштирилган ишларни ўз вақтида амалга ошириш юзасидан таклифлар берилди.

Марказий Осиё республикаларидан Ўш давлат университети (Қирғизистон), И.Арабаев номидаги Қирғиз давлат университети (Қирғизистон), Урганч давлат университети (Ўзбекистон) ва Қорақалпоқ давлат университетидан (Ўзбекистон) профессор-ўқитувчилардан иборат тингловчилар фаол иштирок этишди.

Ҳозирги кунда лойиҳа доирасида 3 та курс тайёрланмоқда. Жумладан: атроф муҳитни муҳофаза қилишда ГИС ва масофадан зондлашдан фойдаланиш, табиий офатлар ҳавфини бошқаришда ГИС ва масофадан зондлаш ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий офатлар ҳавфини бошқаришда фазовий маълумотлар инфратузилмасидан фойдаланиш курсларидир.

Бу ерда ташкил этилган семинар-тренинг курсларида асосан IMSEP, Internet-basedGIS дастурлари фойдаланган ҳолда энг яқин масофаларни аниқлаш ва фавқулодда вазиятларда улардан фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди.

Амалий дарслар давомида IMSEP, Internet-basedGIS дастурларидан фойдаланиб маълум бир ҳудуддаги фавқулодда вазиятларни ҳал қилишда фойдаланиш учун хариталаштириш ишлари амалга оширилди. Семинар-тренингда тоғли ҳудудларда юз бериши мумкин бўлган вазиятларда ёки шаҳарга яқин жойлардаги сув тошқинлари каби ҳавфларни камайтириш ва олдини олишда ГИС дастурларидан фойдаланиш ҳозирги кунда самарали усуллардан бири эканлигини таъкидлаб ўтдилар.

Бу илмий сафар давомида университетимиз профессор-ўқитувчилари Лунд университетининг кутубхоналари билан яқиндан танишишди. Улар бу ердаги кутубхонадан фойдаланиш тизимини яқиндан ўрганишди. Шунингдек, «Марказий Осиёда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш (EPCA): Фазовий усуллар ва технологиялар орқали табиий офатларни бошқариш» лойиҳаси доирасида яратилаётган модулларни пилот курсларида ўқитилиш жараёни  ва бунда талабаларининг курсларни қандай ўзлаштираётганлигини ҳам муҳокама қилишди.

Семинар тренинг тугагандан сўнг тингловчиларга сертификатлар топширилди.

Салауат Абдиреймов,

ҚҚДУ Геодезия, картография ва табиий ресурслар кафедрасининг доценти.

Яхшимурад Худайбергенов,

ҚҚДУ Геодезия, картография ва табиий ресурслар кафедрасининг ассистенти.

Foydali havolalar