Жорий йилнинг 11 октябрь куни 11 октябрь – «Халқаро кизлар куни» муносабати билан Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ва ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши «Аёллар қаноти» ҳамкорлигида университет маданият саройида «Қизлар-миллат кўзгуси» мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирни Бердак номидаги ҚҚДУ хотин-кизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси, ЎзМТДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг Оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари И.Сейтназарова очиб берди.
Тадбирда сўзга чиққанлар томонидан халқимизнинг қизлар тарбияси билан боғлиқ миллий қадриятларини асраб-абайлаш ва давом эттириш, орасталик, ибо, муомала маданияти, турмуш одоби, меҳмондарчилик, камтарлик ва меҳнатсеварлик каби фазилатларни ёшлар қалбига сингдириш омиллари ҳақида фикр билдирди.
Тадбир доирасида Зульфия номидаги Давлат мукофоти учун танловнинг университет босқичи ҳам ўтказилиб, ҳар бир факультетдан қобилиятли қизлар ўз чиқишларини намойиш этиб, ўз иқтидорини тўлиқ номаён эта олган бир қатор талаба-қизлар танловнинг келгуси босқичига йўлланма олди.
Иқтидорли қизларнинг адабиёт ва санъат, фан, таълим ва маданият, ҳунармандчилик бўйича изланишларини акс эттирган кўргазмалар, китобхонлик маданиятини ошириш, дўстлик ва ҳамкорлик, оила ва жамиятда соғлом ижтимоий-маъанавий муҳитни мустаҳкамлаш, ёшлар ташаббусини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича қизғин савол-жавоблар ўтказилди.
Тадбир якунида фаол иштирокчилар университет ва партия томонидан «Фахрий ёрлиқ»лар билан тақдирланди.
Қизлар байрами университет иқтидорли ёшлари томонидан ижро этилган концерт дастури билан давом этди.
М.Мамутова,
Қорақалпоқ филологияси ва журналистика факультетининг талабаси.
