Халқаро Пресс-клубнинг жорий йил 11 ноябрдаги сессияси пресс-кофе форматида “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон либерал демократик партияси, “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон халқ демократик партияси, Ўзбекистон экологик партияси ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги вакиллари иштирокида ташкил этилди.
Мавзу ўта долзарб – “Ўзбекистонда олий таълим соҳаси ислоҳотларида сиёсий партияларнинг ўрни ва иштироки”. Пресс-кофеда олий таълим тизимининг бугунги куни, келажаги ва истиқболлари тўғрисида сўз юритилди. Олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар кўлами ва қамрови кенг. Кўплаб мазмун жиҳатидан, таркибий ўзгаришларни санаб ўтиш мумкин.
Айрим депутатлар томондан фақат сон кўрсаткичлари соҳадаги ижобий силжишлардан далолат бермаслиги тўғрисидаги эътирозига нисбатан, тизимда амалга оширилаётган ўқув-услубий, молиявий, маънавий-ахлоқий йўналишларда амалиётга жорий этилаётган янгиликлар тўғрисида батафсил ахборот берилди.
Депутатлар томонидан қўйилаётган айрим талабларга вазирлик томонидан эътирозлар билдирилди. Масалан, олий таълим муассасаларининг молиявий мустақиллиги таъминламаётганлиги масаласида босқичма-босқич ректорларнинг ваколатлари кенгайиб бораётганлиги аниқ мисоллар билан тушунтирилди.
Ўзбекистон экологик партияси вакилларига кредит-модуль тизимига ўтилаётгани боис, мактабгача таълим муассасасида, умумтаълим мактабида ҳам ўқитиб келинаётган экологияга доир фанлар олий таълим муассасаси ўқув режасига киритилиши мақсадга мувофиқ эмаслиги рўй-рост айтилди.
Савол-жавобларга бой бўлган мазкур тадбирда депутатлар, журналистлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда талабаларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.
Манба: https://edu.uz


