Конституциямизда белгиланган нормалар, “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган норматив ҳужжатлар бу борада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор сифатида хизмат қилмоқда. Аммо, бугун шиддат билан ўзгараётган замон, жаҳон бозоридаги кескин рақобат ва юқори малакали кадрларга бўлган талабнинг ортиб бораётгани ушбу соҳани ҳам ислоҳ қилиб боришни тақозо этмоқда.
Мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари ва экспертларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси айни кунларда жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилинмоқда.
Жорий йилнинг 6 февраль куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ҳам “Таълим тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги лойиҳаси кенг муҳокама қилинди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари М.Жуманов бошқариб борди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Илм, фан, маданият ва спорт қўмитаси аъзоси, ЎзЛиДеП партиясидан депутат М.Ибрагимов, ҚҚДУ ректори, профессор А.Реймов, академик Ж.Базарбаев ва бошқалар чиқиб сўзлаб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳам истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, фарзандларимизнинг жаҳон андозалари даражасида замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши, жисмонан ва маънан етук инсонлар бўлиб улғайиши, уларнинг қобилият ва истеъдодини, интеллектуал салоҳиятини юзага чиқариш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат ва фидойилик туйғуларини юксалтириш борасида самарали ишларнинг амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.
Тадбирга қатнашган Қорақалпоғистон Республикасидаги барча олий таълим муассасалари ректорлари ва раҳбар-ходимлари, Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири ўринбосарлари, туман халқ таълими бўлими бошлиқлари, мактаб директорлари, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги вакиллари, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлигидан, Қорақалпоғистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасадди вакиллари, олимлар, профессор-ўқитувчилар фан, таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги муаммолар, қонун лойиҳаси юзасидан ўзларининг фикр ва таклифларини билдиришди.
Матбуот хизмати.
