#Уйда_қолинг ҲАМЖИҲАТЛИК ЗАРУР

Бугун оламни гўзаллик, она Ўзбекистонимизни осойишталик, бахт либосидагина кўрган мен ва мен каби тенгдошларим бу ҳаётда турли вазиятлар, ранг-баранг ҳолатлар бўлиши мумкинлигини, баъзан бу биз, инсонларнинг хоҳишимиз ва қаршиликларимизга ҳам қарамаслигининг шоҳиди бўлмоқдамиз. Гап нима ҳақида кетаётганлигини аллақачон англаган бўлсангиз керак…

У пайдо бўлганида кўпчилик қатори эътибор берсамда, бугунгидек аянчли вазиятларнинг туғилишини, Ватанимнинг, Ватандошларимнинг жони оғришини ҳеч хаёлимга келтирмаган эдим. Олимлар томонидан «Коронавирус» деб номланган бу хасталик сабабчиси бутун бир инсониятнинг кундалик долзарб ташвиши ва қўрқувига айланиб улгурди. Афсуски, касалликни юқтирган давлатлар қаторида Ўзбекистонимиз, қадрли юртдошларимиз ҳам бор.

Ушбу касаллик бизнинг ҳам мамлакатимизда аниқланган кун кўпчилик саросимага тушди, ваҳимага юзланди. Университет талабаси эканлигим боис, биз ҳам Олий таълим вазирлиги томонидан икки ҳафталик карантин сабаб, ўқишлар вақтинча тўхтатилиши ҳақида огоҳлантирилдик. Бобокалонимиз, буюк тиб олими Абу Али ибн Сино айтганларидек: «Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир. Хотиржамлик ярим соғликдир. Сабр эса шифонинг бошланишидир». Бу ҳақиқат! Қаранг-а, боболаримизнинг ҳар бир айтган сўзи, нақли бизга мадад бу ҳаётда, йўлчи юлдуз! Яна айтадиларки, ҳар бир нарсада ҳикмат бор, ҳар нарсада Аллоҳнинг бандаларига каромати мужассам. Буни юракдан ҳис қилган ҳолда, биз-ёшлар уйда карантин кунларини таътил, ёхуд бўш вақт деб эмас, балки бизларга берилган улкан имконият, олдинда қилишни режалаштириб юрган илму амалларимизни бажариб, янги ғояларни дунёга келтириб, уларнинг устида ишлаш учун яратиб берилган шароит деб қабул қилдик. Чунки, вақт – бебаҳо, умр ғанимат. Айни дамда, билимга чанқоқ шуурим, адабиётга ошиқ қалбим мени китоб ўқишга, китобни эшитишга ва китоб билан суҳбат қуриш бахтига асир қилиб улгурди. Бу сеҳрли суҳбатларнинг вақти белгиланмаган, жойи белгиланмаган, давомийлиги белгиланмаган. Давлатимиз томонидан таълим узлуксизлигини таъминлаш мақсадида университетимизда онлайн масофавий таълим йўлга қўйилган бўлсада, устозларнинг тафти бошқача, меҳрию панд-насиҳатларини соғиниб кетаркансиз. Ана шундай вазиятда жаҳон драматурги Вилям Шекспирнинг фикрларини эслайман: «Китоб – буюк устоздир! У сизни ҳар дақиқа олам сирларига ошно қилади!» Мен шу фикрга қўшимча қилиб, шундай дейишни истардим: …баъзан эса ўз оламингиз сирларини англашингизга ёрдам беради…

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев таъкидлаганларидек: «Бу синовлар вақтинча. Албатта, Худо хоҳласа, ўтиб кетади. Мана шундай синовларни жипслигимиз билан, бирдамлигимиз билан, Хоразмда, Қорақалпоғистонда айтгандай «оғизбирчилигимиз» билан, яхши гап билан, мустаҳкам бўлиб ўтамиз, қудратли бўлиб енгиб ўтамиз!»

Назокат Шарипбаева,

Қорақалпоқ давлат университети 3-курс талабаси.

Зульфия номидаги давлат мукофоти совриндори.

Foydali havolalar