Муҳтарам Президентимиз пандемия муносабати билан халқимизга йўллаган мурожаатномасидаватанимиз келажаги бўлган талаба ва ўқувчи ёшларимизга «Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекорга ўтказманг. Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг. Бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг» дея алоҳида мурожаат йўлладилар. Эзгу мақсадлар жамланган мазкур даъват нафақат ёшларимиз, балки таълим-тарбия бўғинининг барча қатламларида фаолият юритаётган устоз-мураббийлар, педагог-ходимларга ҳам алоҳида масъулият юклайди. Хусусан, Халқ таълими ҳамдаОлий ва ўрта махсус таълим вазирликлари тизимида амалга оширилаётган масофавий таълим шаклини оммалаштириш ва мукаммаллаштириш, бу ишларни самарали ва сифатли ташкил этиш талаб этилади.
Масофавий таълимни ташкил этиш ва унинг сифатини таъминлашда ахборот-коммуникация технологиялари (АКТ)дан ва интернетдан фойдаланишни қамраб олувчи электрон таълим тизимини такомиллаштириш бугунги кунда жуда долзарб масала ҳисобланади.
АКТ таълим соҳасида электрон ўқув ресурсларини мультимедияли ва интерактив ҳолда шакллантириш, уларни жамлаш, алмашиш ва узатиш, имкониятлар даражасига кўра фойдаланиш, виртуал тажрибалар ўтказиш, электрон таълимни йўлга қўйиш имкониятларини беради.
Бугунги кунда техник тизимлар, дастурий восита ва компьютер жиҳозларидан унумли фойдаланган ҳолда онлайн-таълим жараёнларини ташкил этиш ва бошқариш, баҳолаш, мониторинг тизимларини яратишга йўналтирилган ишлар олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда кенг оммалашган ATutor, Ilias, Claroline, Sakai ва Moodle электрон таълимни бошқарув тизимлари мавжуд.
Ўзбекистон олий таълим тизимида, асосан, Moodle (Modular Object-Oriented Dynamic Learning Environment-модулли объектга йўналтирилган динамик ўқитиш муҳити) тизими қўлланилади. Мазкур тизим педагог, администратор ва ўқувчиларни ягона хавфсиз ва интеграллаштирилган тизимда бирлаштирган ҳолда якка ўқув курсларини яратишни таъминлаб берувчи таълим платформаси саналади.200дан ортиқ давлатларнинг университетлари, мактаблари, компаниялари ва мустақил ўқитувчилари томонидан фойдаланилади.
Юқорида санаб ўтилган тизимлар электрон таълимни бошқаришда фойдаланиладиган бепул тизимлар бўлиб, улар ҳар бири ўз фойдаланувчилар аудиториясига эга.
Интернет тармоғида оммалашган йўналишлар бўйича минглаб очиқ курсларни учратишимиз мумкин. Жаҳонда электрон таълим ресурсларини (ЭТР) яратиш бўйича етарли даражада тажриба тўплангани учун ҳозирги кунда асосий эътибор сифатли, мазмундор ўқув курсларни яратишга қаратилган.Тингловчиларни нафақат рақамли ўқув материаллар билан, балки қизиқарли таълим воситалари билан таъминлашга эҳтиёж пайдо бўлмоқда. Бунга эришишда ЭТРни шакллантириш жараёнини тўғри ташкил этиш ва албатта, бу жараённи баҳолаб бориш зарурияти келиб чиқади.
Масофавий таълим бизга барча ҳудудлардаги талабаларга, таълим олишни хоҳловчиларга бир хил таълим олиш имкониятини яратиб бериш; етакчи университетлар, академиялар, институтлар ва бошқа таълим муассасаларининг илмий ва таълимий салоҳиятларидан фойдаланиш эвазига таълим беришнинг сифат даражасини ошириш;таълим сифатини сақлаган ҳолда янги принципал таълим даражасини таъминлаш имкониятларини беради. Шунинг баробаридабилим олувчиларгаўзига маъқул вақт ва жойда ўқиш шароитини яратади, уларданфаол ўқишини талаб қилади. Бу жараёнда ўқитувчи билим олувчининг индивидуал хусусиятларини инобатга олади. Билим олувчи эса шу хусусиятларга мос равишда билим олиш имконига эга бўлади. Бу, ўзнавбатида, билим олувчига материални чуқур ва мукаммал ўрганиш имконини беради. Ўқитувчидан педагогик малакасини доимий равишда ошириб боришини талаб қилади. Негаки интерфаол ўқитиш ўқитувчининг ўз билимларини узлуксиз янгилаб боришини тақозо этади.
Ҳозирги пандемия карантини даврида олий таълим тизимидаги талабаларимизнинг билим ва кўникмаларини юқори даражада тутиб туриш мақсадида масофавий таълим жараёнини мукаммал, самарали ташкил қилиш ва оммалаштириш узлуксиз, сифатли таълимни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Таъкидлаш жоизки, вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, мамлакатимизда ўсиб келаётган ёш авлоднинг билим ва тафаккури, муайян касбни эгаллаши ва саломатлиги, аждодларга муносиб ворис бўлиб вояга етишисингари давлат сиёсати даражасидаги вазифаларни изчил давом эттириш – кечиктириб бўлмайдиган энг устувор вазифа эканлигини англашимиз лозим.
Э.А.Захидов,
Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати,
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси.
М.М.Ибрагимов,
Олий мажлис қонунчилик палатаси депутати,
Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.