Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ўзининг содда ва самимий шеърлари билан ҳамиша барҳаёт. Унинг адабиёт, хусусан, шеърият шайдолари учун қолдирган “хазина”си тилларда қўшиқ бўлиб куйланмоқда. Ўткан йилдан бошлаб шоир таваллуд топган сана муносабати билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси ва Андижон вилоят бўлими, Муҳаммад Юсуф номидаги жамоат фонди, ҳамда ЎзМТДП Андижон вилоят бўлими томонидан ижодий танлов ўтказиб келинмоқда. Хусусан, Телеграм тармоғи орқали ташкил этилган мазкур танлов ўз ичига еттита номинацияни олган бўлиб, Муҳаммад Юсуф ижоди билимдони, Она Ватанни мадҳ этувчи шеърлар, меҳр-оқибат мавзусидаги шеърлар каби номинацияларда ижодий ишлар қабул қилинади. Танлов халқаро миқёсда ташкил этилгани боис нафақат Ўзбекистон балки қўшни ва хорижий давлат ижодкорлари ҳам иштирок этишлари мумкин. Шоир таваллудининг 66 йиллигига бағишлаб ўтказилган бу йилги танловда БАА, Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби давлат вакиллари иштирок этишди.
Танловга 800 га яқин ижодкорлардан ижод намуналари келиб тушган бўлиб, уларни баҳолашда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимлари раҳбарлари, аъзолари билан бирга қўшни давлатлар Ёзувчилар уюшмалари аъзолари ҳам қатнашди. Жами еттита номинация бўйича энг яхши ишлар танланиб ғолиб бўлди. Ғолибларни тақдирлашда Иқбол Мирзо, Мунаввара Усмонова, Нурали Қобил, Гулжамол Асқарова каби ижодкорлар шахсий кутубхоналаридан китоблар улашди. Шунингдек, Қозоғистоннинг “Дунё талантлари бирлашмаси”, Қирғизистон Ёзувчилар уюшмаси Ўш вилоят бўлими, Марказий Осиё ёзувчилар ва тарихчиларининг “Янги овоз” ННТ уюшмаси ҳам тақдирлашга ўз ҳиссаларини қўшишди.
Ғолиблар Диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланишади. Биринчи ўрин соҳиблари эса “Олтин қалам” нашрига бир йиллик обунани қўлга киритишди. Қолаверса, барча ғолибларнинг ижодий ишлари яхлит китоб холида чоп этилиши режалаштирилган. Мазкур танловда Қорақалпоғистонлик ижодкорлар ҳам иштирок этишиб ғолиблар сафидан жой олди.
-Ўткан йили танловнинг “Меҳр-оқибат мавзусидаги шеърлар” йўналишида иккинчи ўринни олган эдим, – дейди Қорақалпоқ давлат университети талабаси, танлов ғолиби Одилбек Латипов. – Танлов бу йил ҳам эълон қилинганини кўриб жуда хурсанд бўлдим ва бу йили “Ватан ва уни улуғлаш бўйича мақола ва кичик ҳикоялар” йўналишида иштирок этиб биринчи ўринни қўлга киритдим. Шуни алоҳида таъкидлашим керак, бу танлов нафақат ҳамюртларимиз балки бошқада давлат вакилларининг ижоди билан танишишимизда сабаб бўлди.
Акмал Сражатдинов,
Журналистика таълим йўналиши талабаси.