Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети, Ўзбекистон Республикаси Олий ва Ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши «Аёллар каноти», Қоракалпоғистон Республикаси Маҳалла ва Оилани кўллаб-кувватлаш вазирлиги ва бир катор ташкилотлар билан хамкорликда «Хотин-кизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ва гендер тенглик масалалари» мавзусида илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Илмий-амалий конференцияга Қорақалпоқ давлат университети ректорининг Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси И. Сейтназарова модераторлик этти.
Конференцияни университет ректори А.Реймов кириш сўз билан очди. Бундан сўнг тегишли ташкилот ва муассасалардан қатнашган мутахассислар томонидан мавзуга оид- «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда маҳалла ва оила муҳити», «Таълим муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари», «Тазйиқ ва зўравонликка учраган Хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш тартиби», «Узбекистонда гендер тенглиги: қонунлар ва уларни амалга ошириш», «Хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлашнинг ҳукуқий асослари такомиллашмоқда», «Мамлакатимизда гендер идентифекациясини шакллантириш ва гендер сиёсатини амалга ошириш», «Гендер зўравонликка учраган жабрланувчиларни психологик томондан ҳимоя қилиш ишларининг самарадорлигини ошириш» мавзуларида маърузалар тингланди.
Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан хотин-қизлар масалаларига, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, маиший ҳаётдаги муаммоларини ҳал қилиш, иқтидори ва имкониятларини кўрсатиш учун қулай шароит яратилмоқда. Оилада, жамиятда, айниқса, хотин-қизларнинг ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётгани натижасида ижтимоий муносабатларда ҳам, қонунчиликда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимиз ривожида, жамият ҳаётида, оилалар мустаҳкамлигида хотин-қизларнинг ўрни ва аҳамияти катта. Юртимиз аҳолисининг 50 фоизини ташкил этадиган хотин-қизларнинг жамиятимизда ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий, ҳаётимизнинг барча соҳаларида алоҳида давлат бошқарув ва вакиллик органларида, ишлаб чиқариш, ишбилармонлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, илм, маданият ва бошқа да соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 мартдаги “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишда туб бурилиш ясади. Мазкур қарорда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш юзасидан янги қонунлар ишлаб чиқилиши муҳим вазифа сифатида белгиланган эди. Белгиланган қонунларнинг ишлаб чиқилиб, муҳокама этилиб, маъқуллангани қарор ижросининг таъминланганини кўрсатади.
Маърузачилар томонидан мамлакатимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, шунингдек гендер тенгликни таъминлаш, аёлларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётдаги ролини ошириш ишлари бир неча йўналишларда, ҳусусан, аёллар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, аёлларни ҳимоя қилишнинг институционал асосларини такомиллаштириш, аҳолининг гендер тенглик ва аёллар ҳуқуқлари тўғрисида хабардорлигини ошириш, ҳуқуқни қўллаш амалиётида уларга риоя этилишини таъминлаш учун масъул мансабдор шахсларни тегишли ҳуқуқий меъёрлар асосида ўқитиш бўйича олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Ўзбекистонда бир қатор қонун ҳужжатлари, жумладан, Президентнинг хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, хусусан, гендер тенглиги ва аёлларни зўравонлик ва зулмдан ҳимоя қилиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш мақомини кучайтириш тўғрисидаги фармон ва қарорлари қабул қилинган.
Гендер тенглигини жорий қилиш нуқтаи назаридан таълимдаги ижобий силжишларни алоҳида таъкидлаш керак. Яъни, 2017 йилдан бошлаб аксарият олий ўқув юртларида турли мутахассисликлар бўйича сиртқи бўлимлар фаолияти тикланди. Таълимнинг ушбу шакли ёш аёлларга болаларни парвариш қилиш ва бошқа оилавий мажбуриятларни бажаришга ҳалал қилмасдан олий маълумот олиш имкониятини беради.
Мазкур соҳадаги қонунчилик чораларига тўхталадиган бўлсак, Ўзбекистонда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш ва ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш мақсадида 2019 йил сентябрь ойида “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги ҳам да “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги Қонунлар қабул қилинди.
Қонунда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашнинг асосий принциплари сифатида қонунийлик, демократизм, жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслик, очиқлик, шаффофлик белгилаб берилган.
Қонуннинг қабул қилиниши давлат бошқарувида аёлларнинг эркаклар билан тенг шароитда иштирок этишини, айниқса, раҳбарлик лавозимларида ҳам ишлаши мумкинлиги кафолатлайди. Шунингдек, қонунда ҳокимият вакиллик органларига сайловларда ҳам сиёсий партиялар томонидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлилиги таъминланиши белгилаб қўйилди.
Маърузаларда юқоридаги фикрлар алоҳида таъкидланиб, шу билан бир қаторда жамиятда аёлларнинг камситилишига йўл қўядиган, асоссиз тенгсизлик натижасида ҳаётида қийинчиликлар келиб чиқаётган оилаларнинг бор эканлиги ҳам мунозара объектига айланди.
Таъкидлаш жоизки, оилавий муносабатларда, айниқса, болалар тарбиясида она ҳам, ота ҳам бирдек масъулдир. Қонунда бу борада ҳам эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари аниқлаб берилган бўлиб, уларнинг тенг мажбуриятларга эга эканлиги ёзиб қўйилган. Бу борада аёллар ва эркаклар никоҳининг ихтиёрийлиги, мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қўйилмаслиги, эр-хотинларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари тенг эканлиги белгиланган.
Конференция мулоҳаза ва таклифлар билан давом этди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олди.
Ўтказилган илмий-амалий конференция жамиятимизда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқи ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлашда, уларнинг ечимларини илмий ва амалий йўналишларда очиб кўрсатишда катта аҳамиятга эга.
Инжайым Сейтназарова
ҚҚДУ ректорининг Хотин-қизлар
масалалари бўйича маслаҳатчиси





