Бугунги кунда, Адлия вазирлиги тизимига номзодларни ишга қабул қилишда очиқлик, шаффофлик, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, тизимга ёш, ғайратли, билимли, янгиликларга чанқоқ ёшларни жалб қилиш алоҳида сиёсат даражасига кўтарилган.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг 2020 йил март ойидаги кадрлар сиёсатини белгилаш ва кадрлар билан ишлаш соҳасига йўналтирилган буйруғи ушбу борада асосий ҳужжатлардан бири бўлиб, вазирлик тизимига ҳалол, пок номзодларни ишга қабул қилишга қаратилган.
Буйруқда янги тартиб “рекрутмент жараёни” яъни – юқори малакали ва амалий тажрибага эга мутахассисларни қидириш, танлаш ҳамда ишга фаол жалб қилиш тартиби киритилиб, ушбу тартиб вазирлик тизимига юқори малакали ходимларни жалб қилишда муҳим босқичлардан саналади.
Шу мақсадда, жорий йил 26 январь куни Нукус шаҳрида Хоразм вилояти адлия бошқармаси томонидан “Бердақ” номидаги Қорақалпоқ давлат университетининг юридик факултети талабалари билан учрашув ўтказилди.
Учрашув давомида талабалар вазирлик тизимида ходимлар учун яратилган бугунги имкониятлар, вазирлик иш фаолияти, ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга ошириш ҳамда очиқлик ва шаффофлик йўлида амалга оширилаётган улкан ишлар билан таништирилди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад битирувчиларни тизимга фаол жалб қилиш, юқори салоҳиятга эга бўлган кадрларни танлаш ҳамда бошқарма тизимида етарли даражада захира таркибини шакллантиришдан иборат.
Учрашув қизғин, муҳокамаларга бой руҳда ўтди, талабалар ўртасида соҳадаги ҳуқуқий билимларини синаш ҳамда учрашувни жонли тарзда ташкил этиш мақсадида викторина ўтказилиб, ғолиблар эсталик совғалар билан тақдирланди.

