Мактаб ва олий таълим муассасаси ҳамкорлиги ўртадаги интеграцияни янада мустаҳкамлайди

Дарҳақиқат, бугунги кунда умумтаълим мактабларида ўқувчиларга берилаётган таълим-тарбия, педагогларга бўлган ҳурмат ва эътибор тобора юксалиб бормоқда. Устоз-мураббийларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, истеъдодли ўқувчиларни кашф этиш, уларни ўзлари қизиққан ҳамда орзу қилган касбга йўналтириш таълим соҳасининг муҳим вазифасига айланди.
2020-йил 30-октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020-йил 6-ноябрдаги «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид чора тадбирлар тўғрисида»ги қарори ва 2020-йил 6-ноябрдаги «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора тадбирлари тўғрисида»ги фармонида назарда тутилган вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоқ давлат университети Кимё-технология факультети бир қатор профессор-ўқитувчилари: кимё-технология факультети декани, доцент Б.Нуримбетов, физикавий ва коллоид кимё кафедраси мудири, доцент А.Шарипова ва доцент К.Утениязов, ассистентлар: А.Садикова, Б.Хожаниязов, З.Халмуратова, С.Отажоновлардан тузилган ишчи гуруҳ томонидан Чимбой туманидаги 17-сонли, Амударё туманидаги 8 ва 23-сонли, Беруний туманидаги 52 ва 55-сонли умумий билим бериш мактабларида учрашувлар ўтказилди ва мактабларнинг аҳволи билан яқиндан танишилди.

Учрашув мобайнида Кимё-технология факультети декани Б.Нуримбетов ҳар бир мактабда сўзга чиқиб, мактаб ўқувчиларини кимё фанига қизиқтириш бўйича ўзининг фикрларини айтиб ўтди ва бу борада мактаб директорлари, ўқитувчилар билан фикр алмашишди. Шунингдек ҳар бир битирувчининг қайси олий таълим муассасасига ҳужжат топшириши ва у муассасаларда кириш баллари ҳақида умумий маълумотлар билан таништирди.
Бундан ташқари ўқувчиларга кимё фани бўйича сўнгги янгиликлар, мамлакатимиз, университетимиз ва дунё олимлари томонидан эришилаётган натижалар хусусида, факультетлар, кафедралар, таълим йўналишлари, лабораториялар бўйича маълумотлар берилди, мактабларнинг кимё фани ўқитувчилари учун «Кимё фанининг аҳамияти, унинг объекти, предмети ҳамда вазифалари» мавзуларида маҳорат дарслари ва семинарлар ўтказилди.
Таъкидлаб ўтганда «Органик ва ноорганик кимё кафедраси» ассистенти З.Халмуратова томонидан ўтказилган «Спиртлар»мавзусидаги маҳорат дарсининг юқори савияда ташкил этилганлиги йиғилганлар томонидан эътироф этилди.
Ўқув-услубий ёрдам бериш, ёш ўқитувчиларни илмий-тадқиқот ишларига жалб этиш, касбга йўналтириш ва малака ошириш мақсадида кимё фанидан университет профессор-ўқитувчилари томонидан методик ишланмалар тайёрлаб берилди. Мактабларда фаолият юритаётган кимё фани ўқитувчилари: З.Мирзаева, Д.Махсудова, М.Каримбердиева, Б.Жаксиликов, О.Худаёровларга университет профессор-ўқитувчиси А.Шариповага илмий раҳбар сифатида бириктирилди ҳамда ҳозирги кунда улар «Оксидланиш-қайтарилиш», «Кислоталар» мавзуси устида ишлашмоқда.
Стажировка тизими борасида ҳам индивидуал режа-график тузилиб, улар билан ҳамкорликда ишланмоқда. Ўқитувчиларнинг бошланғич билимларини аниқлаш мақсадида мактаб ўқитувчиларидан фанлар кесимида тест синовлари ўтказилди. Уларнинг даражаларига қараб гуруҳлар шакллантирилди ва табақалаштирилган дастурлар асосида қисқа муддатли малака ошириш курсларига жалб қилиниши белгиланди. Кимё фанидан олимпиадага қатнашадиган 2 нафар ўқувчи университет-профессор ўқитувчиси С.Отажоновга бириктирилди. Шу билан бир қаторда мактабнинг битирувчи синф ўқувчилари учун кимё фанидан тайёрлов курслари фаолияти йўлга қўйилди.
Ташриф сўнгида ўқувчиларда университет ҳақида тўлиқ тасаввур пайдо бўлиши учун тақдимот ва видеоматериаллар кўрсатилди.
Шундан сўнг факультет ўқитувчилари мактаблардаги мавжуд шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди ҳамда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Зеро Призидентимиз такидлаб ўтганидек «Бу чекка чекка қишлоқдаги мактабларда билимли, илмга чанқоқ ёшларимиз жуда кўп. Бизнинг вазифамиз эса бу ёшларни олий таълим муассасалари билан қамраб олиб уларнинг келажаги учун катта туртки бўлишдир!».
Учрашувдан асосий мақсад ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, таълим сифатини ошириш, педагогларнинг малакаси ва жамиятдаги нуфузини ошириб, таълим муассасаларини малакали кадрлар билан таъминлашдан иборат.
Бугун мамлакатимизда таълим соҳасида, хусусан, мактабларимизни бугунги кун талаблари асосида ташкил этишда туб ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Бу жараёнга олий таълим муассасаларининг ҳам жалб этилаёт гани бежиз эмас. Чунки ҳар икки таълим муассасаси бир-бири билан узвий боғлиқ: бир-бирини тўлдиради ва ривожлантиради. Уларни биридан иккинчисини айро тасаввур этиб бўлмайди.
Олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда ишлаган, уларнинг қандай ва нима билан «нафас олаётганини» англаган мактаб педагоглари ҳам ўқувчиларга билим бериш жараёнида ушбу омилларни, албатта, инобатга олади. Ўқувчи-ёшларда эса мактабдалик пайтидаёқ олий таълим ҳақида муайян тасаввур пайдо бўлади, қизиқиш уйғонади, ўз келажагини янада ёрқинроқ тасаввур эта бошлайди.
Ушбу ҳамкорликнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, энди мактаблар эришаётган ютуқлар, йўл қўяётган камчиликларга ҳар икки томон ҳам бирдек масъул. Бу, ўз навбатида, ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Мактаблар билан ҳамкорликни янада самарали ташкил этиш ва уларнинг ривожланишига ҳисса қўшиш университетимизнинг устувор вазифаларидан бири сифатида белгиланди. Олий таълим муассасаси ва мактаблар ўртасида йўлга қўйилган бундай ҳамкорлик яқин келажакда ўз мевасини бериши шубҳасиз.

Кимё-технология факультети,
физикавий ва коллоид кимё кафедраси
ассистенти Отажонов Сардор.

 

Foydali havolalar