Шартномавий муносабатларга хос ўзгартиришлар

Шартнома муносабатлари тадбиркорлик фаолиятининг асосини ташкил қилиб, иқтисодий соҳадаги ислоҳотларнинг ривожланишида муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.

Мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини ривожлантиришда муҳим ўрин тутган шартнома муносабатларини такомиллаштиришга доир бир қатор қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар шартнома маданиятини юқори даражага кўтаришга хизмат қилади. Шундай қонунчилик ҳужжатларидан бири 2021 йилнинг 14 сентябрида Президентимиз томонидан имзоланган ПФ-6313-сонли «Шартномавий муносабатларни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ҳисобланиб, унда шартномавий муносабатлардаги кўплаб муаммо ва камчиликларни бартараф қилишга қаратилган тартиблар белгилаб берилди.

Фармоннинг қабул қилинишидан кўзланган асосий мақсад фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларни янада такомиллаштириш, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловларни олиб ташлаш, шунингдек, шартномавий муносабатларда ахборот тизимларидан фойдаланиш учун зарур шарт-шароитлар яратишдан иборатдир.

Мазкур фармон билан 2021 йил 1 декабрдан бошлаб тижорат банкларига етказиб берилган маҳсулот (бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар) учун тўловларни учинчи шахслар ҳисобидан қабул қилишга қўйилган тақиқ; давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган хўжалик юритувчи субъектларнинг маҳсулотларни етказиб бериш (ишларни бажариш, хизматларни кўрсатиш) тўғрисида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда олдиндан тўловни белгилашга доир талаб; қишлоқ хўжалиги ва чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчилари ва тайёрлов ташкилотлари ўртасида тузиладиган шартномаларда мажбурий равишда авансни белгилашга доир талаблар бекор қилинди.

Шунингдек, фармонга кўра 2022 йил 1 январдан суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишда мол-мулкни реализация қилиш бўйича электрон онлайн аукционда сотувга қўйилган мол-мулк уни сотишдан тушган пул маблағлари ҳисобидан аукцион ғолибига қарзларсиз ва тақиқлардан ечилган ҳолда топшириладиган бўлди. Бунда, мол-мулкни сотишдан тушган пул маблағлари етарли бўлмаганда қарздорликни тўлаш мажбурияти унинг собиқ эгаси — қарздор зиммасида қолади.

Тадбиркорлик субъектлари электрон аукцион ғолиби деб топилганидан сўнг баъзи ҳолларда дуч келадиган мол-мулк бўйича солиқ, коммунал тўловлар ва тақиқлар эндиликда Фармонда белгиланган тартиб билан бартараф этилиб, электрон аукцион ғолибларига мулк барча қарзларсиз ва тақиқларсиз топшириладиган бўлди. Фармонда назарда тутилган алоҳида ҳолларда эса аукцион ғолиби мулкни қабул қилиб олмаслиги мумкин ва бунда закалат пуллари қайтариб берилади.

Фармоннинг яна бир муҳим томонига тўхталадиган бўлсак,  фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар намуналарини ишлаб чиқиш бўйича «Йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Унга асосан аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида мукаммал шартнома намуналари “yurxizmat.uz” махсус ахборот портали орқали жойлаштириб борилади ва ушбу шартнома намуналари қонунчиликка киритиладиган ўзгартиришлардан келиб чиқиб назорат ҳолатида юритилади.

Сўнгги сўз ўрнида айтадиган бўлсак, мазкур фармон билан тадбиркорлик субъектларига қулай бўлган шарт-шароит яратиш мақсадида шартномавий муносабатларга оид мавжуд муаммоларни бартараф этувчи тартиб-таомиллар ўрнатилди. Бу эса ўз ўрнида тадбиркорлик субъектларидан шартномавий муносабатларга киришишда қонунчиликка амал қилиш, шартнома тузишда белгиланган ҳуқуқ ва мажбуриятларга риоя қилишни талаб этади. Негаки, қоидаларга амал қилиш шартномавий муносабатларни янада такомиллаштириб, юртимиз иқтисодиётининг ривожланишига хизмат қилади.

 

ҚМУ юриспруденция  2-курс талабаси Руслан Джураев

 

 

Foydali havolalar