Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 августдаги “Кимё ва биология йўналишларида узуликсиз таълим сифатини ва илм-фан натижадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4805 -сон қарорида кимё ва биология фанлари бўйича умумтаълим мактаблари битирувчи синф ўқувчилари орасида фан олимпиадаларини ташкил қилиш вазифаси ҳам бор эди. Ушбу вазифа ижроси бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълим вазирлиги ҳамда Қорақалпоқ давлат университети ўртасида қўшма қарорлар қабул қилиниб, тегишли ишлар амалга оширилди.
Фан олимпиадаларини ўтказишдан мақсад кимё ва биология фанлари бўйича иқтидорли ўқувчиларни саралаш, ёшларда мазкур фанларга қизиқишни ошириш ҳамда шу йўналишлар бўйича олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар яратишдан иборатдир. Жорий йилнинг февраль ойида олимпиаданинг туман босқичлари ўтказилиб, 102 нафар ўқувчилар республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритган эди.


Жорий йилнинг 13-март куни Қорақалпоқ давлат университетида олимпиаданинг республика босқичи юксак уюшқоқлик билан ўтказилди. Кимё ва биология фанлари тиллар кесимида алоҳида аудиториялар, махсус лабораториялар ажратилди. Талабгорларнинг билимлари ва кўникмаларини баҳолаш учун энг тажрибали профессор-ўқитувчилар жалб этилди. Олимпиада синовларини шаффоф ўтказиш мақсадида барча аудиториялар ва лаборатория хоналари видеокузатувлар билан таъминланди, жараённи бевосита кузатиш имконияти яратилди. Олимпидада иштирок этган ўқувчиларнинг ота-оналари ва устозлари учун махсус жойлар ажратилди ва жараённи кузатиб боришди.

Университет раҳбарияти томонидан ўқувчилар ва меҳмонлар учун бепул тушлик овқат билан таъминланди.

Ўтказилган олимпиада синовлари натижаларига кўра 40 нафар иқтидорли ўқувчилар танловнинг олий таълим муассасаси босқичига йўлланма олишди. Ушбу якуний босқичда 12 нафар энг кучли деб топилган ғолиблар талаба бўлиш имкониятига эга бўлишади. Олимпиаданинг якуний босқичи жорий йилнинг 17 апрель куни университетда ташкил этилади.
Кимё ва биология фанлари бўйича ўтказилган олимпиада юқори савияда ташкил этилганлиги жамоатчилик, хусусан ота-оналар, устозлар ва ўқувчи-ёшлар томонидан эътироф этилди.

ҚДУ Матбуот хизмати