Номигагина тузилган битим ўз-ўзидан ҳақиқий эмас ҳисобланади

Шартнома – бу томонлар ўз мажбуриятларини бажаришининг гарови. У томонларнинг ўзаро келишувини акс эттирувчи ва ҳуқуқий муносабатларни шакллантирувчи ҳужжатдир. Тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, инвестиция жалб этиш, бизнес ҳамкорлик асосан шартномавий муносабатлар орқали кечади.

Аммо, айрим вазиятларда фуқаролар томонидан шартномалар юзасидан қонун талаблари бажарилмасдан, алоҳида шартномалар номигагина, яъни юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда тузилиб, қонуний имкониятлар суиистеъмол қилиш холатлари аниқланмоқда.

Фуқаролик кодексининг 124-моддасига кўра, юридик оқибатлар туғдириш нияти бўлмаган ҳолда, номигагина тузилган битим (қалбаки битим) ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир. Агар битим бошқа битимни ниқоблаш мақсадида тузилган бўлса (кўзбўямачилик битими), тарафлар ҳақиқатда назарда тутган битимга доир қоидалар қўлланилади.

Буни бир мисолда кўриб чиқсак. Масалан бир шахс (сотувчи тараф) хонадонни иккинчи шахс (сотиб олувчи тараф) га сотганлиги тўғрисида нотариал тартибда олди-сотди шартномаси расмийлаштирилган. Аммо, хонадонни сотиш тўғрисидаги олди-сотди шартномаси тарафлар ўртасидаги қарзга олинган пулнинг қайтарилиши кафолати сифатида гаров тариқасида (олди-сотди шартномаси) тузилган.

Кейинчалик сотувчи тараф қарзга олинган пулларни тўлиқ қайтарган, аммо қарз берган сотиб олувчи тараф хонадонни гаровга олганлигини инкор эмагани ҳолида, хонадонни қайтариб беришдан бош тортиб, бунда ўрталарида олди-сотди шартномаси мавжудлигини важ қилган.

Бундай вазиятда, сотувчи тараф ўзи билан сотиб олувчи тараф ўрталарида хонадон ҳақиси олди-бердиси бўлмаганлиги, битим тузилишида алданиб қолганлигини важ қилиб битмни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво ариза билан мурожаат қилганида, юқоридаги ҳолатлар ўз тасдиғини топган ҳолатда, суд ФКнинг 124 ва 386-моддаларини қўлланган ҳолда, тарафлар ўртасида тузилган низодаги хонадон олди-сотди шартномаси бўйича мажбуриятлар бажарилмаганлиги, хусусан, сотувчига уй учун пул берилмаганлиги, битим гаров эвазига вақтинча расмийлаштирилганлигини тарафлар инкор қилмаганлиги боис даъвони қаноатлантириши эҳтимоли катта.

Сабаби, ФКнинг 386-моддасига кўра, олди-сотди шартномаси бўйича бир тараф (сотувчи) товарни бошқа тараф (сотиб олувчи)га мулк қилиб топшириш мажбуриятини, сотиб олувчи эса бу товарни қабул қилиш ва унинг учун белгиланган пул суммаси (баҳоси)ни тўлаш мажбуриятини олади.

Шундай экан, тарафлар ўртасида тузилган низоли хонадон олди-сотди шартномаси ҳақиқий эмас деб топилиб, битимлар бўйича тарафлар дастлабки ҳолатга келтирилиб, тарафлар ўртасида хонадон ҳақи сифатида пул олди-бердиси амалга ошмаганлиги боис, хонадон учун шартномада кўрсатилган суммани қайтариш масаласини ҳал қилинмайди.

Таъкидлаш керак, юқоридаги мисол универсал ва эҳтимолий характерга эга бўлиб, ҳар бир фуқаролик иши ўз хусусияларига эгадир ва ишда исботланган ҳолатларга таянган ҳолда бир ҳил тоифадаги алоҳида-алоҳида ишлар бўйича ҳар ҳил қарор қабул қилиниши мумкин.

 

Фуқаролик ишлари бўйича

Нукус туманлараро суди судьяси

М.Адилова

Foydali havolalar